Жаҳон | 10:50
7728
6 дақиқада ўқилади

Украин дронлари Россиянинг бир неча регионларига ҳужум қилди

Энгелсда саноат корхонаси шикастланган, Қозонда суюлтирилган газ базаси ҳужумга учраган.

Фото: Видеодан кадр

14 январга ўтар кечаси украин дронлари Россиянинг бир неча регионларига — жумладан, Саратов, Воронеж ва Орлов областлари, шунингдек Татаристонга ҳужум қилди.

Энгелс ва Саратовда ҳужумлар оқибатида иккита саноат корхонаси зарар кўрди, деб хабар берган губернатор Роман Бусаргин. Етказилган зарар кўлами номаълум. Бусаргиннинг сўзларига кўра, жароҳатланганлар йўқ. «Осторожно, новости» телеграм-каналига кўра, Энгелсда яна нефт базага ҳужум қилинган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, объектга камида икки бор зарба келиб тушган, шундан кейин бу ерда ёнғин бошланган. Украина қуролли кучлари олдин ҳам ҳужумга йўлиққан нефт база шикастлангани, Ту-160 бомбардимончи самолётлари учун мўлжалланган ёнилғи тўлдирилган цистерналар ёниб кетганини маълум қилган.

Энгелсдаги нефт базага охирги марта 8 январга ўтар кечаси ҳужум қилинганди. Ёнғинни ўчиришга бир неча кун кетган, 13 январ куни Бусаргин очиқ ёниш бартараф этилганини маълум қилганди. Навбатдаги зарба ҳам худди шу базага берилгани ёки йўқлиги номаълум.

Шунингдек, Бусаргин 14 январ куни Саратов ва Энгелсдаги дарслар масофавий режимга ўтказилишини билдирган.

Маҳаллий телеграм-каналлар ёзишича, Қозонда учувчисиз учар қурилмалар «Газпром»га қарашли бўлган суюлтирилган газ кластери базасига ҳужум қилган. База ҳудудидаги цистерналар ёниб кетган (телеграм-каналларга кўра — учта; маҳаллий расмийлар биттаси ҳақида хабар берган).

Айрим телеграм-каналлар ўз хабарларида «Казаноргсинтез» заводини тилга олишган, уларнинг маълумотига кўра, завод жабр кўрмаган. Шаҳар диспетчерлик хизматидагилар ТАСС мухбирига «федерал телеграм-каналларда заводда ёнғин чиққани» ҳақида тарқалган хабарлар тасдиғини топмаганини хабар қилган. «Ёнғин „Оргсинтез“да эмас, балки Шимолий-Ғарбий кўча, 10-уйдаги бинода (суюлтирилган газ кластери базаси) рўй берган», — деган агентлик билан суҳбатдаги манба.

Татаристон раҳбари Рустам Минниханов дронлар ҳужуми оқибатида бошланган ёнғин жойига борганини айтган. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва жиддий вайронгарчиликлар йўқ, барча корхоналар штат режимида ишламоқда.

Орлов области губернатори Андрей Кличков ҳам украин дронларининг ёпирилма ҳужуми ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, регион узра 17 та дрон уриб туширилган. Жабрланганлар ва шикастланиш ҳолатлари йўқлиги айтилган.

Бундан ташқари, дронлар Воронеж областига ҳужум қилган. Губернатор Александр Гусев тунда регион устида бир неча дрон уриб туширилгани, қуруқликда жароҳат олганлар ва вайронгарчиликлар қайд этилмаганини маълум қилган.

Шу вақтда Тула области ҳам ҳужумга учраган. Регион губернатори Дмитрий Миляев Алексин дрон парчалари тушиши оқибатида бир неча автомобил ва хўжалик бинолари зарарланганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, тунда Тула области ҳудудида жами 17 дрон йўқ қилинган.

Astra телеграм-каналининг аноним манбаларига кўра, Тула областида тун давомида Алексин кимё комбинати, «Тулачермет» ва Алексин иссиқлик электр станцияси ҳужумлар нишони бўлган, бир нафар ҳарбий хизматчи жароҳатланган.

13 январ куни кечқурун Украина қуролли кучлари «қўшма ракета зарбаси» уюштиришга урингани ҳақида Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари барча нишонларни йўқ қилган, жароҳатланганлар бўлмаган. Кейинроқ РФ мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари Брянск областига олтита ATACMS, олтита Storm Shadow ракеталари ҳамда 31 та дрон билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Россия ҳарбий идораси хабарида барча снарядлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилингани, қурбонлар ва жабрланганлар йўқлиги айтилган.

Украина қуролли кучлари учувчисиз тизимлар кучлари қўмондонлиги украин ҳарбийлари Селцо шаҳридаги Брянск кимё заводига аниқ зарба йўллаганини хабар қилган. Россия ҳарбий-саноат комплексидаги ушбу стратегик объектда ракета ёнилғиси учун портловчи моддалар ва компонентлар, жумладан, артиллерия, баравар ўт очиш реактив тизимлари, авиация учун ўқ-дорилар, «Х-59» ракеталар ишлаб чиқарилади, «Град», «Ураган» ва «Торнадо-Г» тизимлари таъмирланади.

Украинадаги нашрларнинг мамлакат қуролли кучларидаги манбаси тунги ҳужум давомида Тула областида Алексин кимё комбинати, Саратов областининг Энгелс аэродромидаги ўқ-дори омбори, Саратов нефтни қайта ишлаш заводи ва Брянск кимё заводига зарар етказилганини тасдиқлаган.

14 январ куни Москва вақти билан эрталабки соат етти яримда Росавиация Қозон, Калуга, Саратов ва Тамбов аэропортларида вақтинчалик чекловлар ўрнатилганини хабар қилган. Бир соат ўтиб Калуга ва Тамбовда чекловлар бекор қилинган, аммо яна икки аэропортда — Пенза ва Уляновскда чекловлар киритилган.

Россия мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари Брянскка ракета зарбаси йўллашга урингани ҳақида хабар берган, аммо украин дронларининг бошқа регионларга уюштирган ҳужумларини эсга олмаган.

Мавзуга оид