Украина Россиянинг Донецк областидаги қўмондонлик пунктига зарба берди
Украина ҳарбийларига кўра, Украина қуролли кучлари Донецк областининг босиб олинган қисмидаги Россия Федерациясининг 2-гвардия умумқўшин армияси қўмондонлик пунктига юқори аниқликдаги зарба берди. Россия томонидан қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
12 январ, якшанба куни Украина Қуролли кучлари Донецк области Новгородовка шаҳрида жойлашган Россия Федерациясининг 2-гвардия умумқўшин армиясининг қўмондонлик пунктига "юқори аниқликдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди". Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штаби Telegramʼда маълум қилди. Ҳужум тафсилотлари ва унинг Украинанинг Донецк области босиб олинган ҳудудида жойлашган россиялик ҳарбий хизматчилари учун оқибатлари ҳақида маълумот берилмаган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан изоҳ тақдим этмади.
Украина бош штабининг баёнотида, шунингдек, амалга оширилган операция «Донецк йўналишидаги оккупацион кучларнинг қўмондонлик пунктларига бир қатор зарбаларнинг давоми» эканлиги таъкидланган. «Украина Қуролли кучлари душманнинг асосий қўмондонлик ва бошқарув объектлари, ҳарбий инфратузилмаларини аниқлаш ва йўқ қилишда юқори даражадаги мувофиқлаштириш ва профессионаллик кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.
Украина қуролли кучларининг Россия қўмондонлик пунктларига қарши сўнгги операциялари
7 январ куни Украина Қуролли кучлари бош штаби Курск областидаги Белая аҳоли пункти ҳудудида Россиянинг 810-алоҳида денгиз пиёда аскарлари бригадасининг қўмондонлик пунктига ҳужум уюштирилганини маълум қилди. «Бундай ҳужум Украина мудофаа кучлари бўлинмаларининг Россия Федерацияси ҳудудида олиб бораётган жанговар операцияларининг ажралмас қисми ҳисобланади», — дея таъкидлаган ўшанда бош штаб. «Укринформ» агентлиги хабарига кўра, 10 январ куни Украина қуролли кучлари ишғол остидаги Донетск области Светлодарск шаҳридаги Россия Қуролли кучлари 3-армия корпусининг қўмондонлик пунктига юқори аниқликда зарба берди.
25 декабрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Курск области Лгов шаҳрига зарба берди, деб эслатади «Настоящее время» нашри. Ушбу баёнотга кўра, зарба нишони худди ўша 810-бригаданинг қўмондонлик пункти эди. Ҳужумдан сўнг Кремл томонидан тайинланган минтақа раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн тўрт нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ва беш нафари яралангани ҳақида хабар берди. 30 декабр куни Украина қўшинлари Лговга навбатдаги ҳужумни амалга оширди. Astra нашрининг хабар беришича, бир нечта ракеталар россиялик ҳарбийлар фойдаланаётган бинога келиб урилган, улардан саккиз нафари ҳалок бўлган, яна 22 нафари жароҳатланган. "Верстка" маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг 810-алоҳида бригадаси Курск областида Украина қўшинлари билан жангларда энг катта йўқотишларга дуч келди.
810-алоҳида бригада Севастополда жойлашган, дея аниқлик киритади НВ. Россия Федерацияси ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан кейин унинг ҳарбий хизматчилари Мелитопол, Бердянск, Волноваха ва Мариупол учун жангларда қатнашди. Нашр маълумотларига кўра, айнан 810-бригада таркибида КХДР ҳарбийлари Курск областида илк йўқотишларга учраб, Россия Федерацияси томонида урушга киришган.
Мавзуга оид
15:38
Бербок Украинага ёрдамни қисқартиришга қарши чиқди
10:33
Урушни якунлаш учун нималар қилиш керак — Трампнинг бўлажак маслаҳатчиси шартларни айтди
08:53
Писториус Киевга ёрдам пакети блоклангани ҳақидаги хабарни рад этди
18:35 / 12.01.2025