Жаҳон | 10:00
908
3 дақиқада ўқилади

Писториус: Ҳамкорлар билан Киевга ёрдамни оширишни муҳокама қилмоқдамиз

Германия Европадаги ҳамкорлари билан АҚШдаги сайловлардан кейин Украинани қўллаб-қувватлашни қандай кучайтириш ва унга ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани беришни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус Киевда айтиб ўтди.

Борис Писториус Фото: AFP

Германия Полша, Франция, Италия ва Буюк Британиядан иборат "бешлик гуруҳи" бўйича ҳамкорлари билан АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин Украинага ҳарбий ёрдамни қандай оширишни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 14 январ, сешанба куни Киевда Украина раҳбарияти билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Германия мудофаа вазири Борис Писториус маълум қилди.

«Бешлик гуруҳи»ни яратиш ташаббуси ўтган йилнинг ноябрида, АҚШдаги президентлик сайловларидан сўнг бошланган эди. Мен рождество арафасида ҳамкасбларимни Берлинга таклиф қилдим, - деди Писториус DW мухбирининг саволига жавобан. - Вашингтондаги сайлов натижаларидан қандай хулосалар чиқаришимиз кераклиги ҳақидаги биринчи учрашувимиз, авваламбор, бу Европа хавфсизлигини таъминлаш учун келажакдаги мудофаа харажатлари нуқтайи назаридан муҳим эди. Урушдан кейинги вазиятни ҳисобга олган ҳолда иттифоқчиларимиз имкониятларини, Украинани қўллаб-қувватлашимизни қандай кучайтиришимиз муҳокама қилинди».

«Бу йўлда биз муҳокама қилмоқдамиз ва дастлабки қарорларни қабул қилмоқдамиз, бу иш Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилиш ("бешлик гуруҳи" мудофаа вазирлари) арафасида давом этмоқда», — давом этди Борис Писториус. Муҳокаманинг асосий йўналишлари қаторида у Украинадаги мудофаа қўшма корхоналари имкониятларини кенгайтириш, Европа давлатлари ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик даражасини ошириш, бир-биридан илғор тажрибаларни ўзлаштиришни қайд этди. Мақсад «Украинага керакли ёрдамни бериш учун бундан кейин нима қилиш кераклигини аниқлаш», деди Германия мудофаа вазири.

Зеленский: Бугун Украинани ҳимоя қилишни истамаганлар эртага ўзини қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйлайди

Худди шу матбуот анжумани чоғида Украина президенти Володимир Зеленский DW'нинг Германияда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари парламент сайловлари олдидан «Германия учун муқобил» ўнг популистик партияси 20 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи ўринда турганидан хавотирдами ёки йўқми, деган саволига шундай жавоб қайтарди: «Биласизми, риторикага қарамай... Европада ҳам, АҚШда ҳам кўпчилик Украина фақатгина ўзини ҳимоя қилмаяпти, деган фикрда».

«Биз (умумий) қадриятларни ҳимоя қилмоқдамиз, Европа, демократия ва эркинликни ҳимоя қилмоқдамиз, - деди Зеленский. - Бизнинг ҳарбийларимиз ўз ўрнидан қатъи назар, ҳаммани ҳимоя қилмоқда. Менимча, бугун Украинани ҳимоя қилишни истамаган ҳар бир киши эртага ўзини қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйлаши керак».

Мавзуга оид