Ўзбекистон | 17:14
7895
2 дақиқада ўқилади

Внуково аэропортига қўнишда UzAirways самолётининг двигатели ишдан чиқди. Учоқ муваффақиятли қўнган

Бугун, 15 январ куни Uzbekistan Airways'нинг HY9607 Бухоро–Москва йўналишида парвоз қилган самолёти Внуково аеропортига қўнаётганда двигателлардан бири ишдан чиқди. Компания хабарига кўра, экипаж томонидан тегишли чоралар кўрилиб, қўниш муваффақиятли амалга оширилган. Ҳаво кемаси бортида 132 йўловчи бор эди.

UzAirways'нинг UK32014 борт рақамли Airbus A320 учоғи /Фото: Дмитрий Осипов

Маълум қилинишича, ҳозирда Uzbekistan Airways техник хизматлари томонидан тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Парвозлар жадвалида режалаштирилган кейинги авиақатновлар Внуково халқаро аеропортига учиб кетган захира ҳаво кемасида амалга оширилади.

“Келтирилган ноқулайликлар ва ушбу ҳаво кемасида илгари режалаштирилган авиақатновларнинг кечикиши учун узр сўраймиз”, – дейилади UzAirways ахборотида.

FlightRadar маълумотига кўра, рейс UK32014 борт рақамли Airbus A320 самолётида амалга оширилган бўлиб, ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан тонг соат 7:43 да қўнган.

Скриншот: FlightRadar

Бухородан Москванинг Внуково аэропортига учган мазкур Airbus A320-214 самолёти Uzbekistan Express авиакомпаниясига тегишли бўлиб, самолёт 2010 йилнинг 22 декабрида келтирилган. Самолётнинг ёши 14 йилдан сал ошган.

Самолёт Бухоро халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 05:25 да учиб, Москвага маҳаллий вақт билан 07:43 да муваффақиятли қўнган. Парвоз давомийлиги 4 соату 17 дақиқани ташкил этган.

Куни кеча Uzbekistan Airways'нинг Ню Йоркдан Тошкентга учган рейси маст йўловчи сабаб Қозонга қўнган эди.

Мавзуга оид