Ўзбекистон ЯИМ 6,5 фоизга ўсиб, 115 млрд долларга етгани маълум қилинди
Президент селекторида айтилишича, ўтган йили 100 млн доллардан кўп инвестиция жалб қилган туманлар сони 50 тани ташкил этган. 2023 йилда бундай туманлар 11 та эди. Шу билан бирга, Франция, Италия, Испания, Венгрия, Япония, Малайзия каби юқори салоҳиятли мамлакатлардан 2024 йилда 100 миллион доллар ҳам инвестиция келмагани қайд этилди.
2024 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етди. Бу ҳақда президент раислигида инвестиция масалаларига бағишлаб ўтказилаётган селекторда маълум қилинди.
Қайд этилишича, хорижий инвестициялар 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилган. Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушган, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиққан.
Ўтган йили 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келган (2023 йилда бундай туманлар 11 та эди).
Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида инвестициялар 300 миллион доллардан ошган.
“Тоғ-кон, нефтгаз, кимё, қишлоқ хўжалигида режа 2 карра ортиғи билан бажарилди”, – дейилади расмий хабарда.
Йиғилишда етарли шароит бўла туриб, инвестиция режаси тўқимачиликда 17 млн долларга кам бажарилгани, инвестиция “Ўзтрансгаз” ва "Ўзметкомбинат"да 2 баробар, “Ўзсувтаъминот”да 20 фоизга пасайгани кўрсатиб ўтилди.
Бу ташкилотлар раҳбарлари шу йил биринчи чоракда ўзгариш қилмаса, уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.
Экология, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат активлари, Фармацевтика ва Ўрмон хўжалиги агентликларида грант олиб келиш режаси 25 фоизга ҳам бажарилмагани, Қурилиш, Транспорт, Маданият вазирликлари, Туризм қўмитаси олиб келган гранти эса 10 миллион доллардан паст бўлгани танқид қилинди.
Умуман, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Спорт, Олий таълим, Маданият, Экология, Қишлоқ хўжалиги, Рақамли технологиялар, Қурилиш вазирликларининг инвестиция ва грант олиб келиши бор имкониятларга мутлақо мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Салоҳияти юқори бўлган Франция, Япония, Италия, Венгрия, Малайзия, Испаниядан ўтган йили 100 миллион доллар ҳам инвестиция келмагани қайд этилди.
Мавзуга оид
15:28
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди
22:12 / 15.01.2025
Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи якунланди
21:05 / 15.01.2025
Шавкат Мирзиёев Дубайда БАА вице-президенти билан учрашди
15:46 / 15.01.2025