Гуржистонда ҳукуматга қарши кенг кўламли иш ташлаш давом этмоқда
Гуржистонда юзлаб корхоналар огоҳлантирувчи иш ташлашда иштирок этмоқда. Намойишчилар янги парламент сайловлари ўтказилишини талаб қилиб, Тбилисидаги марказий проспектни тўсиб қўйишди.
Гуржистонда 15 январ, чоршанба куни ҳукуматнинг Европа Иттифоқи билан интеграциядан воз кечиш қарорига норозилик сифатида кенг кўламли иш ташлаш бошланди. Юзлаб компаниялар, жумладан PSP йирик дорихоналар тармоғи, Fresco озиқ-овқат дўконлари тармоғи ва Тбилисининг энг йирик савдо ва бизнес марказларидан бири - Карвасла унда иштирок этмоқда. Гуржистоннинг энг йирик банклари – Bank of Georgia ва TBC Европа интеграциясини қўллаб-қувватлашини ва ўз ходимларининг акцияда иштирок этишига тўсқинлик қилмаслигини маълум қилди, деб хабар беради "Грузия Online".
Намойишчилар янги сайловларни талаб қилмоқда
Намойишчилар Тбилиси кўчаларига плакатлар билан чиққан. Республика майдонида 200 га яқин одам ҳаракатни тўсиб қўйган. Paper Kartuli нашрига кўра, марказий кўча, Руставели проспектида ҳам транспорт ҳаракати чекланган. Намойишчилар ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси сиёсатидан норози эканликларини билдириб, янги парламент сайловлари ўтказилишини ва митингларда ҳибсга олинганларнинг озод этилишини талаб қилмоқдалар.
Interpress News хабар беришича, намойишчиларга Гуржистон собиқ президенти Саломе Зурабишвили ҳам қўшилган, у яқинда Тбилисида офис очган ва кураш давом этиши ҳақида огоҳлантирган. Намойиш ташкилотчиларининг айтишича, «умумий огоҳлантирувчи иш ташлаш» билан улар Гуржистонни якка ҳолда нима кутаётганини — «иқтисодий турғунлик, ёпиқ корхоналар, қашшоқлик ва ишсизлик»ни кўрсатиш ниятида.
Мавзуга оид
17:29 / 15.01.2025
Батумида Гуржистон собиқ бош вазири Георгий Гахария калтакланди
22:42 / 13.01.2025
Брюсселда пенсия ислоҳотига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди
23:01 / 09.01.2025
Саломе Зурабишвили ҳамон ўзини Гуржистон президенти деб ҳисобламоқда
19:02 / 04.01.2025