Ўзбекистон | 15:51
2713
5 дақиқада ўқилади

«Космонавтимиз бориб, селфи тушиб қайтмаслиги керак» – нега Ўзбекистон ҳамон сунъий йўлдош ва космонавтлар учирмаяпти?

«Айтайлик, 100-200 миллион доллар солиқ тўловчиларнинг пулини сарфлаб сунъий йўлдош учирсак, раҳмат демайсиз. Чунки бунда 15 минут хурсандчилик бўлади, бошқа самарадорлик йўқ», — дейди «Ўзбеккосмос» расмийси. Муҳиддин Ибрагимовга кўра, айни вақтда Ўзбекистонда сунъий йўлдош суратларидан фойдаланиш учун бозор шакллантирилмоқда ҳамда мамлакат ўз қурилмаларини учириши юзасидан таклифларни тайёрламоқда.

Муҳиддин Ибрагимов / Фото: Ўзбеккосмос

16 январ куни АОКАда «Ўзбеккосмос» агентлиги масъуллари иштирокида Ўзбекистоннинг космик тадқиқотлар ва технологиялар борасидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қатнашган «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов нега Ўзбекистон ҳамон сунъий йўлдош учирмаётгани борасида журналистларнинг саволларига жавоб берди.

«Ўзбекистонга сунъий йўлдош керакми, деган саволга 2022 йилда «йўқ», дегандим. Сабаби ўша пайтда бизда йўлдош учиришдан умуман мантиқ йўқ эди, чунки бозор йўқ эди. Мана, айтайлик, сунъий йўлдош учирдингиз, учирганингиздан кейин 100-200 миллион доллар солиқ тўловчиларнинг пули ишлатилади. Эртага менга аниқ раҳмат демайсиз. 15 минут ватанпарварлик руҳидаги хурсандчилик бўлади. Худди Бурж Халифа биносига Ўзбекистон байроғини қўйиб қўйишгани каби [фойдасиз ва самарасиз иш].

Ундан ташқари, бошқа ҳеч қандай самарадорлик йўқ. Чунки бозор шакллантирилмаган. Вазирлик-идораларга бориб ёки хусусий секторга бориб, сунъий йўлдош олган суратни бераман десангиз, олдин суратлар ёпиқ бўлган, ишлата олмасдингиз. Вазирликларда ишлатадиган одам йўқ эди.

Сунъий йўлдошнинг ўз яроқлилик муддати бор, 5-7 йил учади. Беш йил етти йилдан кейин бўлди, ўчади. Ўчгандан кейин сизда табиий савол туғилади: солиқ тўловчи сифатида «нима қилдинглар ўзи?» дейсиз. Шу саволларнинг олдини олиш мақсадида биз биринчи фундаментни тайёрладик. Бугунга келиб, ҳозир Ўзбекистонда деярли 600 мингдан – 1 миллион кв/км суратларни қайта ишлаш бўйича бозор яратилди. Ҳам давлат, ҳам хусусий секторда.

Мана, энди бизлар сунъий йўлдош гуруҳини учириш бўйича, мен бемалол айта оламан, ишлар олиб боряпмиз. Чунки президент қарори бўйича бизга топшириқ берилган, мана шу ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдош гуруҳини ўрганиб чиқиб, таклифини киритишимиз керак. Биз ҳозир шу бўйича турли давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳисоб-китоб ҳаммасини жойига қўйганимиздан кейин охирида мана шу таклифни киритамиз. Кейин бир ечим қабул қилингандан кейин биз, албатта, сизлар билан улашамиз», — деди агентлик расмийси.

Шунингдек, Муҳиддин Ибрагимов Туркия «Fergani» компанияси синов тариқасида учира бошлаган сунъий йўлдошлар лойиҳасида Ўзбекистон ҳам қатнашишини маълум қилди.

«Фарғони» жуда зўр лойиҳа! Уларнинг асосий йўналиши бу яқин IOT ва GPS. GPSʼга рақобатчи сифатида қилишяпти. Илмий лойиҳа сифатида кетяпти, ҳозир улар синов тариқасида юргизишди. Биз ҳам улар билан яқиндан алоқада юрибмиз. Уларда ҳозир беш йил ичида 100 та сунъий йўлдош учирилиши керак. Қайсидир қисмида биз ҳам иштирок этиш бўйича ўзимизнинг қизиқишимизни билдирдик.

Тадқиқот бўйича Туркий давлатлар кенгаши доирасида бир нечта давлат бор… мен ҳозир тўлиқ ҳаммасини айтиб бера олмайман, чунки ҳали очиқлашга ҳали тайёр эмасмиз. Илмий сунъий йўлдош ҳозир ясаляпти. Илмий сунъий йўлдошнинг бир қисмини Ўзбекистонда биз қиляпмиз.

Ўша қурилманинг битта технологик қисмини биз бу ерда яратиб, уни сунъий йўлдошга интеграция қиламиз. Адашмасам, 2026 йилнинг ўртасида бу сунъий йўлдошни учирамиз. Бу тўлиқ Ўзбекистон сунъий йўлдоши эмас, лекин бир қисми Ўзбекистонда яратилган, бу сунъий йўлдошга интеграция қилинади. Мана шу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, ҳамма расмиятчиликлар якунланса, албатта, сизлар билан бу нарсани бўлишамиз», — деди у.

Шунингдек, Муҳиддин Ибрагимов Ўзбекистонда космонавт учириш масаласи нега актуал эмаслиги ҳақида маълумот берди.

«Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида космонавт тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмаяпти. Космонавт учириш жуда ҳам осон нарса. Ҳозирги пайтда айтайлик, шу халқаро космик станциясига, NASAдаги америкалик ҳамкасбларимизга 50-60 миллион доллар пулини тўлаб берсак, ҳозир ҳам учирсак бўлади.

Нима учун бу нарсани ҳозир тўхтатиб турибмиз? Чунки учган космонавт бориб, қўпол қилиб айтганда, селфи тушиб келиши керак эмас. Ҳар бир космонавт авваламбор, бу олим ёки инженер ҳисобланади. У давлат манфаати учун космосда изланишлар ва тадқиқотлар олиб бориши керак. Чунки космосда ҳозирги пайтда жуда кўп янгиликларни амалга ошириш мумкин, ерда бажариб бўлмайдиган ишлар ҳам космосда амалга оширилиши мумкин, чунки у ерда бошқача муҳит мавжуд. Энди биз шу даражага етиб келишимиз керак. Фанлар академияси ва бошқа олимлар билан биргаликда ишлаб, қандайдир дастур яратганимиздан кейин биз бу масалага етиб келамиз», — дейди «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов.

Мавзуга оид