Жаҳон | 09:19
1961
2 дақиқада ўқилади

MrBeast TikTok’ни “қутқариш учун” уни сотиб олмоқчилигини маълум қилди

TikTok’ка эгалик қилувчи ByteDance Хитой компанияси уни хорижий компанияга сотмаса, 19 январдан АҚШда ушбу ижтимоий тармоқ блокланиши мумкин.

Фотоколлаж: Getty images

Йирик лойиҳалар ва хайрия тадбирлари билан танилган америкалик машҳур блогер MrBeast TikTok’ни сотиб олиши мумкин. Шу тариқа блогер TikTok’ни АҚШда блокланишдан “қутқармоқчи”.

“Майли, TikTok’ни блокламасликлари учун уни сотиб оламан”, — дея ҳазил аралаш твит ёзган MrBeast X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Блогерга кўра, миллиардерлар ҳамкорлик таклифи билан аллақачон унга мурожаат қилишни бошлаган.

“Тақдир ҳазилини қаранг, мен буни Twitter’да ёзганимдан кейин менга шунчалик кўп миллиардерлар мурожаат қилдики, келинг, буни амалга ошира оламизми йўқми, кўрамиз”, — дея яна бир пост қолдирди Mr Beast.

TikTok’ни сотиш нима учун керак?

2024 йил апрел ойида АҚШда TikTok’ни тақиқлашга олиб келиши мумкин бўлган қонун лойиҳаси қабул қилинганди. Сенат тўртта қонундан иборат тўпламни қўллаб-қувватлади. Улардан бири TikTok’ка эгалик қилувчи Хитой компанияси ByteDance’дан иловани хорижий компанияга сотишни талаб қилади. Бу жараён учун тўққиз ой муддат белгиланди.

Акс ҳолда, Америкада иловадан фойдаланиш имконияти йўқолади. Белгиланган муддат 2025 йил 19 январда тугайди. Бу сана платформанинг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Аввалроқ Bloomberg Хитой ҳукумати TikTok’нинг АҚШдаги бўлимини бошқаришни тадбиркор Илон Маскка топшириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди. TikTok вакили эса Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиши эҳтимолини қатъиян рад этди.

TikTok қанча туради?

The Wall Street Journal хабарига кўра, TikTok эгаси ByteDance 2024 йилнинг тўртинчи чорагида ўзини тахминан 300 миллиард АҚШ долларига баҳолаган. Шу тариқа у дунёдаги энг қиммат хусусий компаниялардан бири бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид