Ўзбекистон | 16:20
11506
4 дақиқада ўқилади

Пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган қизни уриб юбориб, умрига зомин бўлган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Ҳодиса содир бўлгандан сўнг “мен машинамга ўлик ортмайман” дея ўзи уриб юборган пиёдага ёрдам кўрсатишдан бош тортган 29 ёшли ҳайдовчи Lacetti машинасини 112,7 км/соат тезликда бошқарган. У уриб юборган 19 ёшли қиз тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунча жон берган. Ҳайдовчи муқаддам от ва мол ўғирлиги учун судланиб, жазо ўтаб юрган шахс бўлган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида ЙТҲ содир қилиб, пиёданинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди. Ҳайдовчи олдинроқ ўғирлик жиноятини ҳам содир қилиб, судлангани маълум бўлди.

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, 1996 йилда туғилган Муродилла Забихуллаев танишининг номидаги Lacetti машинасини ишончнома орқали бошқариб келган.

У 2024 йил 18 сентябр куни тезлик чеклангани ҳақидаги йўл белгиларига амал қилмасдан машинани Шайҳонтохур тумани Самарқанд дарвоза кўчаси бўйлаб 112,7 км/соат тезликда бошқарган. Сўнгра бошқарувни йўқотиб, Самарқанд дарвоза ва Абу Али ибн Сино кўчалари кесишмасида ўзига йўл очиқ бўлган пайтда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган, 2005 йилда туғилган қизни катта тезликда уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Муродилла Забихуллаев судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

Уриб юборганимдан сўнг машинадан тушиб, ҳушсиз ҳолатда ётган пиёданинг олдига югуриб бордим ва унга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатмоқчи бўлдим. Кейин тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб, ЙТҲ жойига чақирдим. Шу пайт атрофга нотаниш фуқаролар тўпланди. Улардан бири пиёдани шифохонага олиб бориш кераклигини айтди. Шок ҳолатида бўлганим сабабли машинани бошқара олмаслигимни айтиб, атрофдаги фуқаролардан кимда машина бўлса, шифохонага олиб борайлик, дея илтимос қилдим. Шу пайт пиёданинг оғзидан қон отилиб чиқиб, нафас олмай қолди. Шу ердаги оилавий поликлиникадан тиббиёт ходимлари чиқиб, пиёда вафот этганини айтди”, деган ҳайдовчи ўз кўрсатмасида.

Мазкур ЙТҲ содир бўлганида Kun.uz ҳолатни ўрганганди. Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, қиз машина уриб юборгандан сўнг бир муддат тирик бўлган. Ҳайдовчи уни касалхонага олиб боришдан бош тортган. Тез тиббий ёрдам машинаси етиб келгунча у жон берган.

Одам уриб кетди дейишди. Жонҳолатда пастга тушдим. Келиб қарасам қиз оғир аҳволда ётган экан. Ҳайдовчига кўтар, ёрдам бер, дедим. У бўлса қўлида чилимини кўтариб олганча “машинамга ортмайман”, деб жавоб берди. Бироз ўтиб қиз жон берди. Ҳайдовчи жуда катта тезликда келган. Мен иккинчи қаватдан тушиб, то буёққа келгунимча қиз тирик эди. Кейин 5 минутдан сўнг жон берди. Тез ёрдам машинаси кейин келди”, деганди ўшанда ҳодиса гувоҳларидан бири.

Ҳайдовчи қизни уриб юборгандан сўнг машинасидан тушди-да, “ўликни машинамга ортмайман”, деди. Ҳайдовчида афсусланиш ҳам йўқ эди. Агар у зудлик билан ёрдам берганда балки қиз тирик қолармиди”, деган ҳодисанинг яна бир гувоҳи.

Бошқа гувоҳларнинг сўзларига кўра машина уриб юборгандан сўнг қиз онасини, отасини сўраган, сўнг жон берган.

Суд ҳукми билан Муродилла Забихуллаев Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Муродилла Забихуллаев олдин содир қилган ўғирлик жинояти бўйича тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қўшиш орқали 6 йил 24 кун муддатга озодликдан маҳрум этилган.

У муқаддам, 2023 йил август ойида Тошкент вилояти Тошкент туманида фуқароларнинг от ва молларини ўғирлагани учун 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланган ҳолда мазкур жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган бўлган.

Мавзуга оид