Ўзбекистон | 23:05 / 10.03.2016
5662
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги рекламаларда беҳаё саҳналар тақиқланади

Энди Ўзбекистондаги интернет тармоқларида ҳам қимор ўйинлари рекламасига барҳам берилади, шунингдек, товарлар сотилишини кўпайтириш учун телевидениеда беҳаё (эротик) саҳналардан фойдаланишни таъқиқлаш режалаштирилаяпти.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “Реклама тўғрисидаги” Қонунга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш” қонунчилик лойиҳаси жойлаштирилди. Бу ҳақда “Sputnik Ўзбекистон” хабар бермоқда.

Истаган фуқаро қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар борасида ўз изоҳини қолдириши мумкин. Муҳокама 24-март куни якунланади.

“Реклама тўғрисидаги” янги таҳрирдаги қонунга биноан беҳаё(эротик) саҳналардан фойдаланиш ман этилади. Шунингдек, интернет тармоқларида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш учун телекоммуникация тармоқларида хизматлар кўрсатиш, дастурий таъминотни нашр қилишни таъқиқлаш кўзда тутилган.

“Балоғат ёшига етмаганлар учун мўлжалланган роликларда, ҳақиқий ёки сохта қуролдан фойдаланиш таъқиқланади, шунингдек, экстремал ҳолатларга тушиб қолган болаларни кўрсатиш мумкин эмас”, дейилади ҳужжат матнида. Болалар учун мўлжалланган товарлар нархини кўрсатишда “товар нархи ҳақида нотўғри тушунча уйғотувчи” “холос” ва “бор-йўғи” каби сўзлардан фойдаланиш ҳам таъқиқланган.

Мазкур қоидалар ижтимоий ва сиёсий рекламаларга, шу жумладан, реклама характерига эга бўлмаган вивескалар ва кўрсаткичларга жорий этилмаслиги таъкидланган.

Муҳокамаларда ёзилган фикрлар ва Сўровномадаги таклифлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар томонидан кўриб чиқилади.