Жамоат жойларида чекканлик учун қай тартибда жарималар белгиланишига ойдинлик киритилди
2015 йил 30 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда жамоат жойларида чекканлик учун жаримага тортиш тартиби жорий этилган.
Мазкур янги қонун бўйича юзага келаётган турли саволлар бўйича Norma ҳуқуқий-ахборот портали жавоб бериб ўтди.
Қонунда ман этилмаган жойларда чекиш мумкин. Аниқроғи ўз хонадони, автомобиль, жамоат жойидаги тамаки истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ёки хоналарда чекиш мумкин бўлади.
Қайд этиб ўтиш керакки, бу борада жавобгарликка фақат ички ишлар идоралари тегишли баённомани расмийлаштирган ҳолда тортиши мумкин. Агар айбланувчи баённомада билдирилган ҳолатларга қўшилмаса, буни судда билдириш ҳуқуқига эга бўлади.
Иш жойида муассис ёки у томонидан ваколат берилган шахс қарорига кўра ажратилган жойларда чекиш мумкин. Уларни ажратиш иш берувчи ва бино эгасининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи саналади. Агар улар бундай жойларни ажратишдан бош тортишса, ҳеч кимнинг бунга мажбур қилишга ҳаққи бўлмайди.