Жаҳон | 17:38 / 19.01.2016
5875
2 дақиқада ўқилади

БМТ: ИШИД тўдаси 3500 нафаргача кишини қулликда сақламоқда

Афтидан ИШИД террористик гуруҳи 3500 нафаргача кишини қулликда сақлаб келмоқда, уларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Ушбу сўзлар БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси ва БМТнинг Ироққа ёрдам кўрсатиш миссияси ҳамкорлигида эълон қилган ҳисоботдан ўрин олди.

“ИШИД аёллар ва болалар устидан жинсий тажовузларни амалга оширмоқда, – дейилади ҳисоботда. – Айни пайтда жинсий қуллик остида сақланаётганлар сони 3500 кишига яқинни ташкил этади”.

Ҳужжатда қайд этилишича, қулликда сақланаётган аёллар ва болаларнинг асосий қисми биринчи навбатда езидлар жамиятига мансуб. Шунингдек, мамлакатдаги камчилик ҳисобланган бошқа дин ва элатлар вакиллари ҳам қулликда сақланмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, ИШИД тизимли равишда ва кенг миқёсда зўравонлик актлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқларни бузиб келмоқда. “Бундай ҳаракатлар айрим ҳолларда ўзида ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва эҳтимол, геноцидни ҳам ўз ичига олади”, - дея қайд этиб ўтишди мутахассислар. Бундан ташқари, кузатувлар жараёнида ИШИД кўплаб тинч аҳоли вакилларини ўлдиришган ёки ўғирлаб кетган. Бу ишларнинг асосий қисми мақсадли равишда амалга оширилмоқда.