Жамият | 19:50 / 20.01.2016
16649
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик қиз ўз ихтироси билан жаҳон атир-упачиларининг “бурнини ишқаб қўйди”

Қизилўрдалик “Назарбоев интеллектуал мактаби” ўқувчиси Акмарал Бисенова ароматизаторларни олишнинг тезкор ва тежамкор усулини ўйлаб топди. Ўқувчи қизнинг ихтиросида асосий ўринни микротўлқинли печь эгаллайди.

Керакли ҳидни микротўлқинли печда бор-йўғи бир неча дақиқа ичида олиш мумкин, деб хабар бермоқда Liter.kz нашри.

Қизилўрда давлат университети раҳбари, профессор Нурбўл Аппазовнинг айтишича, ўқувчи қиз томонидан яратилган усул жаҳон атир-упачиларига чақириқ бўлиши мумкин.

“Одатда янги ҳидлар махсус лабораторияларда олинади. Акмарал ҳидларни микротўлқинли печда бир неча дақиқа ичида олишни таклиф қилмоқда. Ушбу усулдан доришунослик саноатида дори воситалари, озиқ-овқат саноатида ароматизаторлар ва лок-бўёқ саноатида эритувчилар тайёрлашда ҳамда полимер материаллар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин”, деб айтмоқда Аппазов.

Ароматизаторлар нефть чиқиндиларидан олинади, кимёвий реакцияларда шунингдек, оддий ошхона сиркаси, катализаторлар ҳам иштирок этади. Ароматизаторларни олиш жараёни иқтисодий жиҳатдан фойдалидир, чунки реакцияларда иккиламчи маҳсулотлар пайдо бўлмайди, бу эса кераксиз аралашмаларни тозалаш учун қўшимча харажатларни талаб қилмайди. Ароматизаторларни олиш усули нафақат тезкор, балки катта сарф-харажат ҳам талаб қилмайди.