Жаҳон | 00:08 / 20.01.2016
11795
2 дақиқада ўқилади

Танзания президенти калта юбкалар кийиб юриш ва мустақиллик кунини нишонлашни тақиқлаб қўйди

Танзания президенти Жон Магуфули калта юбкалар кийиб юришни тақиқлаб қўйди. Магуфули мамлакатдаги барча аёллар уч ҳафта ичида бундай кийимларидан халос бўлишларини талаб қилди. Унинг таъкидлашича, бундай кийим ОИВ ва ОИТСнинг тарқалишига олиб келади. Бу ҳақда Кениянинг "Стандарт" газетаси маълум қилди.

Аввалроқ Магуфули мамлакатнинг мустақиллик кунини нишонлашни бекор қилганди, уни ўтказишдан тежалган маблағларни эса чиқиндиларни тозалашга йўналтирди. Унинг айтишича, “одамлар вабодан ўлаётган бир вақтда маблағларни байрам тадбирларига ишлатиш исноддир”.

Шунингдек, Танзанияда бир неча ой олдин “ғаламис тверкинг рақс услуби” ҳам бекор қилинганди. Мамлакатнинг маданий ривожланиш бўйича миллий директори Герман Мвансоконинг айтишича бу рақс “ёшларга салбий таъсир кўрсатади”.

Магуфули 2015 йил ноябрида ҳокимиятга келганидан кейин бюджет маблағларини тежаш мақсадида баъзи тақиқловларни киритди. У ҳукумат амалдорлари учун мўлжалланган Янги йил ва рождество откриткаларини чоп этишни тақиқлади.

Магуфули, шунингдек, маблағларни парламент сессиясининг очилиши маросимига сарфлашни тақиқлаб қўйди. Бундан тежалган пуллар эса асосий тиббиёт марказлари учун каравотлар сотиб олишга ишлатилди. Магуфули бундан аввалроқ тиббиёт марказларидан бирига ташрифи вақтида кўпчилик касаллар каравотлар йўқлиги сабабли полда ётишга мажбур бўлаётганликларини аниқлаган.
Бундан ташқари, президент давлат амалдорларига хорижий сафарларга боришни ман қилди ва улар дунё бўйлаб сафар уюштириш ўрнига мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилиш учун кўпроқ вақт ажратишларини талаб қилди. Агарда хорижга сафар уюштириш жуда зарур бўлса, унда амалдорлар тежамкор синф билан учишлари белгилаб қўйилди. Биринчи ва бизнес синфда парвоз қилиш имконияти фақатгина президент, вице-президент ва бош вазир учунгина сақлаб қолинди.