Ўзбекистон | 15:25 / 21.01.2016
6986
2 дақиқада ўқилади

Дававианазорат: Ўзбекистон самолётлари бортида электрон қурилмалардан фойдаланиш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси буйруғи билан (Адлия вазирлигида 2016 йил 12 январь куни рўйхатга олинган) «Йўловчиларнинг ҳаво кемаси бортидаги ҳатти-ҳаракати қоидалари»га киритилган ўзгартиришларга «Экономическое обозрение» журнали инспекция билан боғланган ҳолда ойдинлик киритди.

Қоидалардаги ўзгаришларга кўра, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси самолётларида парвоз қилувчи йўловчиларига самолётнинг юриши, кўтарилиши ва қўниши жараёнида фотосуратга ва видео тасвирга олиш тақиқланган эди.

Инспекциянинг аниқлик киритишича, фотосурат ва видеотасвирлар фуқаролик авиациясига ноқонуний равишда аралашув билан боғлиқ фаолиятда (террорчилик ва ҳ.к.) қўлланилиши мумкин. Шунингдек, самолёт бортида туриб, суратга олиш мумкин бўлмаган объектларни расмга тушириш мумкинлигига асослан ҳолда, мазкур тақиқ жорий этилган.

Бундан ташқари, Дававианазорат инспекциясининг таъкидлашича, Ўзбекистон лайнерлари бортида парвоз чоғида турли электрон қурилмалардан фойдаланишга рухсат берилади. Ноутбук, планшет, электрон китоблар ўқиш учун мўлжалланган қурилмалар, мобил ўйин девайслари ва бошқалар ўз мақсадида қўлланилиши мумкин. Бироқ уларни самолётнинг юриши, кўтарилиши ва қўниши пайтида ишлатиш, шунингдек, улардан фотоаппарат ёки видеокамера сифатида фойдаланиш тақиқланади.