Инсоният дунё океани исишини икки маротаба тезлаштириб юборди
Дунё океани аввалгига қараганда икки марта кўп антропоген иссиқликни ютмоқда – дея аниқлашди олимлар. “1990 йилдан бери жаҳон океани тамонидан ютиб юборилган иссиқликнинг умумий ҳажми икки маротаба ортди. Сўнгги 150 йил мобайнида бундай ҳодиса кузатилмаган эди”, - деди Пенсильвания университети метеорология кафедраси профессори Крис Форест.
Сўнгги 18 йил давомида 1997 йилдан бошлаб океанлар 1865 йилдан 1997 йил давридаги каби 150 зеттажоуль қувватни ютган, дейилмоқда Nature Climate Change журналида нашр этилган тадқиқотда.
Олимлар томонидан аниқланган маълумотларга кўра, инсоният томонидан юзага келган 90 фоиз иссиқлик дунё океани томонидан ютиб юборилади. Янги тадқиқотда 1870-йилларда инглиз тадқиқот кемалари томонидан тўпланган маълумотлар, шунингдек юқори технологик мониторлар маълумотлари ва мураккаб компьютер моделларидан фойдаланилди. Бу инсоният фаолияти натижасида дунё океани ҳароратининг ўзгаришини баҳолаш имконини яратди.
Океаннинг исиши
Ютиб юборилган иссиқликнинг катта қисми сувнинг 700 метр қалинликдаги юқори қатламида тўпланади. Бироқ олимларнинг фикрига кўра, бу тенденция ўзгариб туради.
Сўнгги ўн йиллик давомида океан фаол тарзда исишда давом этмоқда, иссиқлик тобора сув тубига сингиб боряпти, - деди Калифорниядаги Ливерморс миллий лабораторияси ходими, тадқиқотнинг етакчи муаллифи Питер Глеклер.
Олимларни энг кўп хавотирга солган ҳодиса – океан ҳарорати кўтарилишининг тезлиги. Океаннинг ютиб юбориш имконияти камайиши билан иссиқлик атмосферада тўпланади. Бу эса Ернинг иссиқлик мувозанати бузилишига олиб келади.
Экспертлар тадқиқот натижалари океан жонзотлари учун ёмон оқибатларга олиб келиши, денгиз оқимлари ва тўфонлар тезлигига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бу эса глобал исиш инсон айби билан содир бўлаётганлигини яна бир бор исботлайди.