Жамият | 09:51 / 24.01.2016
5218
1 дақиқада ўқилади

"Қорда чўмилаётган" Тянь-Тянь лақабли панда интернетда машҳур бўлди

Интернет фойдаланувчилари Вашингтон шаҳридаги Смитсониан Миллий ҳайвонот боғидаги Тянь-Тянь лақабли панданинг қорда юмалаб ўйнаётгани тасвирини қизиқиш билан томоша қилишмоқда.

"Қорда чўмилаётган" бу панда тасвирланган видеоролик твиттерга қўйилгач, бир неча соат ичида 141 мингдан ортиқ ретвит йиққан ва унга 144 минг мартадан ортиқ "лайк" босилган.

Ҳайвонот боғи ходимларининг айтишича, айни вақтда ҳудудда рўй бераётган қор бўронлар туфайли бошқа жониворларнинг ташқарига чиқишларига йўл қўйилмаяпти.

Твиттер фойдаланувчилари панданинг бу ҳаракатини "қордан ҳақиқий маънода завқланиш" дея баҳолашган.

Маълумот учун, АҚШ шарқига ёпирилган қор бўронлари шу вақтгача 17 киши ҳалок бўлиши, 8 мингдан ортиқ авиарейсларнинг бекор қилинишига олиб келди.