Жаҳон | 00:49 / 26.01.2016
5142
2 дақиқада ўқилади

Австрия ташқи ишлар вазири Шенген барбод бўлиш чегарасида турганини айтди

Шенген ҳудуди барбод бўлиш чегарасида турибди, чунки баъзи давлатлар Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қила олмаётган Греция ҳукуматининг ҳаракатсизлиги туфайли ўз чегараларида назоратни киритишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳақда Амстердамда бўлиб ўтаётган Европа Иттифоқи адлия ва ички ишлар вазирлари учрашувида Австрия ташқи ишлар вазири Йоханна Микль-Ляйтнер айтди.

Унинг айтишича, “барча Шенгеннинг мавжудлиги хавф остида турганини, тезроқ чоралар кўриш кераклигини тушунмоқда”. “Шенген барбод бўлаётганини баъзи давлатлар, жумладан Австрия қабул қилаётган чоралардан кўриш мумкин”, деб айтди Микль-Ляйтнер. У “Греция иложи борича тезроқ ҳаракат қилишни бошлаши кераклигини” таъкидлаб ўтди. “Агар Греция чоралар кўрмаса, унда борган сари кўпроқ давлат Австрия каби миллий чоралар кўришни бошлайди”, деб айтмоқда Микль-Ляйтнер.

Вазир Австрия томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида гапира туриб, 26 январда мамлакат ҳукумати қонунчиликка қочқинлар учун шароитларни қатъийлаштирувчи ўзгартиришларни кўриб чиқишини қўшимча қилди. Хусусан, муҳожирларни қабул қилишга квота (2016 йилда қочқин мақомини 37,5 мингдан кўп бўлмаган одамга бериш таклиф қилинмоқда) киритиш ва уч йиллик муддатга вақтинчалик қочқин мақомини беришга ўтиш режалаштирилмоқда.