Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси: Германия Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришда давом этади
Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг 26 январдаги матбуот-анжуманида Германия ва Ўзбекистоннинг 2015 йилдаги ҳамкорлиги ҳақида маълумот берди ва жорий йилдаги режалари билан ўртоқлашди.
Деярли бутун жаҳон ҳамжамиятига ва хусусан, Европа Иттифоқига таъсир қилган бир қатор қийинчиликларга қарамасдан, Германия Яқин Шарқ ва Шарқий Европадаги ихтилофларни тинчлик билан ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
“Германия жорий йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилади ва бу лавозимда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштиришга интилади”, деб айтди Найтхарт Хёфер-Виссинг.
Ўзбекистоннинг Германиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасидаги улуши 22,5 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмасида камайиш кузатилган. Германия статистикасига кўра, 2015 йилнинг январь-ноябрь ойларида Германиядан Ўзбекистонга экспорт 380 млн еврони ва Ўзбекистондан Германияга эскпорт 16,1 млн еврони ташкил қилган. Бутун 2014 йил давомида бу кўрсаткичлар мос равишда 465 млн ва 16,8 млн еврони ташкил қилганди.
Элчи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга ўтган йили Ўзбекистон-Германия ва Германия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашларининг яратилгани яхши имконият бўлиши мумкинлигини айтди. Элчи бу ва бошқа лойиҳалар икки давлат ҳалқлари манфаатлари учун хизмат қилишига умид билдирди.
2016 йилда Германия Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги иштирокини давом эттиради, шу сабабли Бундестаг ўзининг бу давлатдаги кучларини оширишга қарор қилди.
“Ўзбекистон ҳукумати каби биз Афғонистондаги аҳоли тинч-тотувликда яшаши учун бу давлатда музокаралар ўтказиш учун исталган имкониятдан фойдаланишимиз керак. Бу давлатда немис аскарлари кўрган қурбонлар бекор бўлмаслиги керак”, деб айтди элчи.