Жаҳон | 19:25 / 01.02.2016
18396
1 дақиқада ўқилади

Франция қирғоқларига бошқариб бўлмайдиган кема яқинлашмоқда

Атлантика океанида юкнинг силжиши туфайли бошқаруви йўқотилган "Модерн Экспресс" юк кемаси Франция қирғоқларига яқинлашмоқда, деб ёзмоқдалар ОАВлар.

Айни вақтда Франция денгиз префектураси вакилларининг маълумотларига кўра, Панамада рўйхатдан ўтказилган кема юк силжиши сабабли бир томонга қийшайиб қолган.

Кема жамоасининг барча 22 аъзоси вертолёт ёрдамида кемадан тушириб олинди.

"Ҳозир кема Франция қирғоқларидан 100 км узоқликда. Уни шатакка олишга навбатдаги уриниш денгиздаги кучли тўлқинланиш сабабли муваффақиятсиз якунланди", деб айтмоқда денгиз префекти Эмманюэль де Оливьера.

Унинг айтишича, агар муаммони ҳал қилиб бўлмаса, кема Франция қирғоқларига 2 февраль эрталаб ёки кечки пайт етиб келиб, тўлқин билан қирғоққа чиқариб ташланиши мумкин.

164 метрлик кема 3,6 минг тонна ёғоч ва экскаватор техникасини олиб кетаётгани маълум бўлди.