Иқтисодиёт | 18:19 / 08.02.2016
14184
2 дақиқада ўқилади

Банкир: Россия иқтисодиёти 80 рубль курсга дош бера олмайди

Альфа-банкнинг бош иқтисодиётчиси Наталия Орлова Economy Times нашрига берган интервьюсида Россия иқтисодиётининг келажаги ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.

Унинг сўзларига қараганда, давлат бюджетига 80-85 рубллик курс ниҳоятда оғирлик қилади, негаки бу дарҳол инфляция кўрсаткичларида акс этади, ижтимоий соҳа учун тўлайдиган пул қолмайди.

“Умуман айтганда, бу иқтисодиётнинг эмас, кўпроқ бюджетнинг чегарасидир, - деди Орлова. – Чунки 80 рублдан ортиқ курс бўлганида инфляция ҳам сезиларли бўлади. Инфляция 8-10 фоиздан ошмагандагина қаттиқ бюджет сиёсатини олиб бориб, масалан, пенсияларни 4 фоизга индексация қилиш мумкин. Аммо инфляция икки йил давомида мунтазам 15 фоиз бўлиб турса, бошқа гап. Қандайдир паллага қадар биз бюджет ишчилари ва нафақахўрларга уларнинг даромадлари бор-йўғи 4 фоизга ошишини айтишимиз мумкин, ундан сўнг инфляция тушиб бориши кутилади. Агар инфляция тушмаса, уни ўтган ва келаси йиллар ҳисобидан қоплашга тўғри келади. Шунда индексация 4 фоиздан 5-10 фоизга, ҳатто 15 фоизгача сакрайди”.