Жаҳон | 10:18 / 08.02.2016
9025
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербург яқинида полициячилар БТРни тақиб қилдилар

7 февралда Россиянинг Ленинград вилоятида жангари фильмлардаги каби воқеа юз берди – полициячилар зирҳли машинани (бронетранспортёр) тақиб қилдилар. Жанговор машинанинг ичида дала ҳовлисида дам олаётган икки нафар маст ҳолатдаги эркак бўлган. Улар БТРда ён-атрофни сайр қилишга қарор қилишган.

Полиция бўлимига бу ҳақдаги хабар эрталабки соат 5 ларда келиб тушган. Караваево қишлоғида яшовчи бир эркак телефон қилиб, "Менинг томорқамда БТР юрибди", деб қўрқувдан гўшакка бақираёзган.

Йўл ҳаракати хавфсизлик давлат инспекцияси ходимлари воқеа жойига чиқиб, БТРни Усть-Луг денгиз порти яқинида учратишган. Уларнинг машинаси БТР ғилдираклари тагида қолиб кетишига бир бахя қолган: БТРни бошқараётган маст ҳолдаги ҳайдовчи уни тўғри полициячилар машинасига қаратиб катта тезликда ҳайдаб келган. БТР ҳайдовчиси охирги лаҳзада тўқнашиб кетишини англаб, далага қараб кескин бурилган ва у ерда дарахтга бориб урилган.

Полиция ходимлари машинада даладан ўта олмаганлар ва БТР ҳайдовчисини пиёда тутишларига тўғри келган. 

"БТР рулида 30 ёшли маст ҳолатдаги эркак бўлган. Унинг шериги ҳам кайфда бўлган", деб айтдилар полициячилар.

БТР ҳайдовчиси Санкт-Петербургда яшашини, Кингисеппск туманида дала ҳовлиси ва яхтаси борлигини тан олган. Бироқ у БТРни қаердан олганини тушунтириб бера олмаган.