Ислом Каримов раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Президентимиз Ислом Каримов раислигида 11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Жамғарма ташкил этилганидан буён, хусусан, 2015 йилда амалга оширилган ишлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича фикр юритди.
"Биз катта орзу-ниятлар билан 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил этган эдик, – деди Юртбошимиз. –Мана, орадан 14 йил ўтди. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун биз нафақат 2015 йилда, балки ана шу ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларимизга ҳам тўхталсак ўринли бўлади. Болалар спортини ривожлантириш, уни давлат сиёсати даражасига кўтариш мақсадида махсус Жамғарма ташкил қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни адо этишда биз нималарга эришганимиз ҳақида, қандай хулосалар чиқаришимиз зарурлиги ҳақида гаплашиб олсак, айни муддао бўлар эди".
Биринчидан, фарзандларимиз, ёш авлодимизни болалигидан бошлаб спорт билан ошно қилиш, уларнинг қалбида спортга ҳавас ва меҳр уйғотиш, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашни мазкур Жамғарманинг асосий вазифаси сифатида тасдиқлаб олганимиз ҳаммамизга яхши маълум. Фарзандларимизни болаликдан – асосан мактаб ёшидан бошлаб спортни ўзининг ҳаётдаги доимий ҳамроҳи деб билиши, улар умрбод спорт билан дўст бўлиб қолишини, бунинг учун барча шароит ва имкониятларни барпо этишни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик.
Мажлисда шу борада мамлакатимизда эришилаётган натижалар аниқ рақам ва мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Бундай мисоллар мамлакатимиз бу борада катта ўсиш ва ўзгаришга эришганидан яққол далолат беради.
Иккинчидан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишларимиз натижасида ўғил-қизларимиз мунтазам шуғулланадиган спорт турларининг сони кескин равишда ошиб бормоқда. Масалан, айни шу ёшдаги болалар 2005 йилда 43 турдаги машғулотларга қатнаган бўлса, бугунги кунда улар 59 спорт тури билан шуғулланаётгани бу соҳадаги ютуқларимиз нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади.
Айниқса, фарзандларимиз биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис, таэквондо, дзюдо, каратэ, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланаётгани, қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юқори шоҳсупаларга кўтарилаётгани ҳар қандай одамни ҳайратда қолдиради, деди Президентимиз.
Илгари бугунгидай замонавий сузиш ҳавзалари, теннис кортлари ёки гимнастика заллари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмас эди. Мисол учун, сузиш деганда, ариқ ёки каналларда, оддий санитария талабларига ҳам жавоб бермайдиган лойқа сув ва ҳовузларда чўмилишни тасаввур қилар эдик. Бунинг оқибатида республикамиз аҳолиси, энг ёмони, болалар ўртасида оғир касалликлар ниҳоятда кўпайиб кетгани, оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ иттифоқда энг олдинги ўринларда тургани ҳам кечаги тарихимиздан яхши маълум.
Мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган ана шундай оғир вазият туфайли 2000 йилда ҳар 100 минг боланинг 6 мингга яқини ўткир респираторли вирусли инфекцияларга, 576 таси пневмония, 449 таси бронхит, 310 таси сколиоз касаллигига чалинган эди.
Кейинги йилларда кенг кўламдаги иқтисодий, ижтимоий, маиший, тиббий ва бошқа чора-тадбирларни изчил жорий этиш, болалар спортини тизимли асосда ривожлантириш бўйича амалга оширган ишларимиз натижасида бугунги кунга келиб спорт билан шуғулланадиган 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларимиз ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекциялар билан касалланиш 47,3 фоизга, пневмония бўйича 55,6, бронхит бўйича 61,7, сколиоз бўйича 45,5 фоизга камайгани биз эришган энг муҳим натижа сифатида албатта барчамизни қувонтиради, деб қайд этди Ислом Каримов. Бундай ижобий ўзгаришларни ҳар қайси ота-она ўз оиласи, ўз фарзандлари мисолида кўриб, спортнинг бу борадаги таъсири ва аҳамиятини тобора чуқур англаб етмоқда.