Нигора Ойбекнинг ёмон хотирасидан, Ойбек эса унинг кўп таомларни тайёрлай олмаслигидан нолиди
Ўзбек эстрадасининг омадли жуфтлиги, яқинда турмуш қурган Ойбек-Нигора дуэти журналистнинг санъат, турмуш, оилавий ҳаёт ҳақидаги саволларига жавоб берди.
“Бекажон” журналистининг “Ойбекнинг қайси одати жаҳлингизни чиқаради?”, дея берган қитмирона саволига жавоб берар экан, Нигора, жумладан, шундай деди: “Хотираси салгина ёмонроқ. Бир нарсани олиб келиши учун бир неча марта эслатишингиз керак. Аммо фойдаси бўлмайди”.
Ўз навбатида, Ойбек ҳам “Пиширган ҳамма овқатлари ҳам мазали чиқавермайди. Ўзи мустақил равишда таомларни тайёрлай олмайди. Ё уйдагиларидан ёки ойимдан сўрайди. Булар вақтинча, назаримда”, дея жавоб қайтарган.
Суҳбат чоғида Нигора ўз армони ҳақида ҳам гапириб ўтган: “Болалигимдан Муҳриддин Холиқов билан бир марта бўлса ҳам кўришиш, суҳбатлашиш ниятим бўлган. Аммо бу армонга айланиб қолган. Балки, илгарироқ ёнларига боришга ҳаракат қилсам бўлармиди, деган ўйлар тинчлик бермайди менга. Лекин қўшиқларини куйлаб чиққанимиз озгина таскин беради”.