Жаҳон | 15:25 / 19.03.2016
1768
3 дақиқада ўқилади

Россиялик учувчи: Ростовда Boeing учувчилари қўшимча харажатдан қочиш учун самолётни қўндиришга уринишган

Россия қаҳрамони, синовчи-учувчи Анатолий Книшов Ростов-Донда қулаб тушган FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 самолёти ҳалокати бўйича фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда «Газете.Ru» хабар бермоқда.

«Мен ўйлайманки, самолётни ноқулай об-ҳаво шароити бўлганига қарамасдан қўндириш қарори ортиқча харажатдан тийилишни ўйлаган ҳолда қабул қилинган. Экипаж аъзолари йўловчилар хавфсизлигини эмас, харажатдан қочишни ўйлашган. Чунки, бошқа аэродромга бориш қўшимча харажатни келтириб чиқарар эди. Бошқа аэродромга қўниш учун тур-оператор аэродромга экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг дам олиши шароитлари ҳамда бошқа хизматлар эвазига пул тўлаши керак бўларди», — деб ҳисоблайди Книшов.

Унинг айтишича, айнан шу сабабли экипаж иккинчи айланишдан чиқишдан бош тортган.

«Boeing биринчи уринишда қўна олмагач, учувчилар самолётни ноқулай ҳаво шароитида қолдиришган ва шароит яхшиланишини кутишган», — дея қўшимча қилади Книшов.

Экспертнинг айтишича, бу авиаҳалокатни учувчиларнинг хатоси туфайли рўй берган деб ҳисобласа бўлади. Бунга самолёт ерга қараб кескин бурилган ҳолда тушиши далил бўлади.

Бундан олдинроқ, Россия Тергов қўмитаси Boeing йўловчи самолёти ҳалокати сабаблари сифатида 3та тахминни - учувчиларнинг хатоси, бортда рўй берган техник носозлик ва ноқулай об-ҳаво шароити (шу кучада Ростовда кучли шамол кузатилган) ўрганаётгани ҳақида хабар берилганди.

Қайд этиш керакки, самолёт биринчи уриниш муваффақиятсиз чиққанидан кейин аэропорт осмонида 2 соатдан ортиқ вақт давомида айланиб юрган. Бу вақтда эса самолёт бошқа аэродромга етиб олиши мумкин бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 19 март, шанба куни FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча йўловчилар (55 киши) ва экипаж аъзолари (7 киши) ҳалок бўлган.

Ростовда қулаган Boeing самолёти 2 соатдан ортиқ вақт давомида қўнишга уринган