Жаҳон | 15:14 / 11.04.2016
2039
2 дақиқада ўқилади

Темир Сариев Қирғизистон бош вазирлигидан истеъфо берди

Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Вазирлар Маҳкамаси фонидаги можаролар фонида истеъфога чиқишини маълум қилди.

У Бишкекда бўлиб ўтган мамлакат вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари мажлиси вақтида ўз лавозимини тарк этишини билдирган.

"Мен истеъфога чиқмоқдаман. Президент бундан хабардор. Бу вазиятни барқарорлиштириши керак. Ушбу лавозим можарога сабаб бўлмаслиги керак", деган у.

Қайд этиш керакки, 1 ҳафтадан буён бош вазир атрофида турли шубҳалар билдирилиб келинди. Бу можаро Вазирлар Маҳкамасида транспорт ва коммуникациялар вазири Аргинбек Малабаевнинг бош вазир атрофидаги кишиларни, Балиқчи-Корумду автойўлини реконструкция қилиш учун тендерда Хитой компанияси манфаатларини ҳимоя қилишда айблаганидан кейин юзага келди.

Бунга жавобан, Қирғизистон бош вазири Темир Сариев транспорт ва коммуникациялар вазири Аргинбек Малабаевни вазифасидан озод этиш бўйича таклифини президент ҳузурига киритган эди. Аммо, Атамбаев буни рад этиб, миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг коррупцияга қарши кураш бўлимига бош вазир ҳамда вазир ўртасидаги зиддият сабабларини ўрганишга кўрсатма берганди.

Бундан олдинроқ, Темир Сариев Вазирлар Маҳкамаси вакилларига ҳукумат қарорларига қарши чиқишни тақиқлаганди.

Унинг истеъфоси Вазирлар Маҳкамасининг истеъфосини талаб этади. Ҳукуматнинг амалдаги таркиби Сариевдан ташқари тўла таркибда янгиланган ҳукуматда бўлиши айтилмоқда.

Сариевнинг ўрнига бош вазир бўлиши мумкин бўлганлар қаторида депутатлар Чинибай Турсунбеков ва Канат Исаев номлари бор. Темир Сариев 2015 йилнинг апрелида лавозимига тайинланганди. У бу лавозимда Жоомарт Оторбаевни алмаштирганди.