Жаҳон | 10:16 / 16.04.2016
2455
2 дақиқада ўқилади

Путинга савол берган фермер "жонли мулоқот" олдиндан репетиция қилинганини айтди

Россия президенти Владимир Путин билан "жонли мулоқот" вақтида Путиндан қишлоқларда кўплаб мактаблар, шифохоналар ва болалар боғчасининг қисқартирилиши ҳақида сўраган ураллик фермер Владимир Мельниченко "жонли мулоқот" аввалдан режаланган сценарий бўйича ўтганини таъкидламоқда. Бу ҳақда 66.ru портали хабар берди.

"Менга омад кулиб боқди. Менга савол беришга имкон берилишига ҳеч қандай ишора ҳам йўқ эди. Жонли мулоқот олдидан тадбирда бевосита иштирок этувчиларни залда жойлаштириш-ўтқазиш бўйича икки кун репетиция ўтказилди. У ерда микрофонлар билан юрган қизларда кимнинг ёнига бориш олдиндан ёзиб қўйилганди. Мен у ерда декорация сифатида ўтиргандим. Сценарий бўйича, президент умуман залга мурожаат этмаслиги керак эди. У ерда ким савол бериши, ким бермаслиги олдиндан белгилаб қўйилганди. Агар мен "Қишлоққа ҳам айтишга беринг!" демаганимда ҳеч ким менга микрофонни бермасди ҳам. Бироқ интизом бироз издан чиққандан кейин, мен дарҳол савол бериш учун имкониятдан фойдаланиб қолдим", деб айтмоқда Мельниченко.

Фермернинг айтишича, "жонли мулоқот" режалаштирилган шаклда бўлган бўлса ҳам, Путиннинг ўзи баъзида "югурувчи қатордан" саволларни танлади, бошловчилар эса бу вақтда "алаҳлаб" қолишди.

Аввалроқ Путиннинг 2016 йилги "жонли мулоқоти" телевизион намойиши 6,4 пунктга, яъни 58,4 фоизгача тушиб кетгани маълум қилинганди. Бир йил аввалги мулоқотда рекорд кўрсаткич – 63,8 фоиз телевизион намойиш қайд қилинган эди. 2016 йилги Путин билан "жонли мулоқот" 3 соату 40 дақиқа давом этди.