Жаҳон | 20:23 / 22.04.2016
1876
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: табиий захиралардан асоратларсиз фойдаланиш даври якунланди

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича Париж келишувини имзолаш тантанали маросимида давлатлар табиий захиралардан асоратларсиз фойдаланиш даври якунланганини англашлари ва ўз иқтисодиётларининг углеводород хом ашёсидан тобелигини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришлари кераклигини айтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Мен барча давлатларни келишув тезроқ кучга кириши учун унга қўшилишга чақираман. Глобал ҳарорат ўсишини 2 градусдан пастроқ даражада чеклаш имконияти тез қўлдан бой берилмоқда, 1,5 градусни гапирмаса ҳам бўлади", деб айтди Пан Ги Мун.

Пан Ги Муннинг таъкидлашича, табиий захиралардан асоратларсиз фойдаланиш даври якунланди. Бош котиб "ўз лавозимининг биринчи кунидан кўзлаб ишлаган кун" етиб келганини тан олди.

"Бугун сиз келажак билан битимни имзоламоқдасиз", деб айтди бош котиб.

Аввалроқ БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик Иқлим бўйича Париж келишувини имзолаш маросимида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 165 та давлат вакиллари иштирок этишини маълум қилганди.