Жамият | 19:22 / 25.04.2016
2496
1 дақиқада ўқилади

Покистонда 23 киши ширинликдан заҳарланиб, вафот этди

Покистоннинг Панжоб вилояти ҳудудида зарарли ва истеъмолга яроқсиз ширинликлардан татиб кўрган 23 киши заҳарланиб, вафот этган. Бу ҳақда BBC News хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, уй эгаси ўз ўғлининг туғилган кунида 4,5 кг "ладда" (Покистонда зиёфатларда дастурхонга қўйиладиган миллий ширинлик) сотиб олган.

Натижада, бу конфетлардан татиган меҳмонлар (зиёфатга келган қариндошлардан 11 нафари) ҳамда туғилган кун соҳибининг отаси заҳарланиб, вафот этган. Шунингдек, боланинг дўстлари ва оиланинг яқинлари бўлган яна 11 киши заҳарланиб, жон берган. Бу ширинликдан жами 77 киши заҳарланган. Айни вақтда шифохонага ётқизилганларнинг 5 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Хабар қилинишича, бундай конфетлардан заҳарланиш ҳодисаси ўтган ойда ҳам кузатилганди.

Полиция қандолатчилик фабрикаси хўжайинларини ва ходимларини ҳибсга олган. Тахмин қилинишича, ширинликлар тайёрланадиган жойга қўшни бинодаги таъмир ҳудудидан заҳарли химикат тушган.