Жаҳон | 15:10 / 23.06.2016
17443
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: ШҲТ "аморф ташкилот"га айланмаслиги керак

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳисоблашича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи "аморф ташкилотлар"га айланмаслиги керак.

"Бизнинг вазифамиз шуки, ШҲТ аморфли (оғма - кристалланмаган - таҳр.), фақат қоғоздаги, бюрократик ташкилотга айланиб қолмаслиги керак. Худди, АСЕАН ёки Жанубий-Осиё давлатлари ташкилотларига ўхшаб... Ўз вақтида МДҲ ҳам шундай ташкилотга айланиб қолганди... Ҳозир ШҲТ учун жуда муҳим давр, биз Тошкентда ташкилот таркибига янги аъзоларни қабул қиламиз. Бу Ҳиндистон ва Покистон. Шунингдек, Эронни қабул қилиш масаласини кўриб чиқамиз", деган у "Россия 24" телеканалига берган интервьюсида.

У ШҲТ Евроосиё ҳудудидаги ўта муҳим ташкилот эканини қайд этиб ўтган.

"Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиб ўтгандим", дея қўшимча қилган Қозоғистон раҳбари.

Бугунги кунда ШҲТ аъзолари бу Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 2015 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни киртиш жараёни ишга туширилган эди.