Жаҳон | 20:14 / 10.08.2016
16590
2 дақиқада ўқилади

Украина Россия ФХХ айбловига жавоб қайтарди

Украина разведкаси вакили Украина мудофаа вазирлигига қарашли махсус бўлинмалар диверсион гуруҳлари Қримга бостириб киргани ҳақидаги хабарларни инкор этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

«Бу мутлақо ёлғон ахборот», — деган у.

Ўз навбатида Украина хавфсизлик хизмати раҳбари маслаҳатчиси Юрий Тандит «Интерфакс-Украина» агентлигига берган интервьюсида бу сўзларни такрорлаган.

«Украина ўз ҳудудини қайтариб олиш учун ўз ҳарбийларини жўнатмаган. Бундан кейин ҳам ўз ҳудудини босиб олиш учун куч ишлатмайди», — дея қайд этган у.

Бундан олдинроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати Қрим Республикаси ҳудудида Украина мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси томонидан тайёрланган террорчилик актларининг олди олинганини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.

Хабарномада таъкидланишича, ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 7 августга ўтар кечаси Армянск шаҳри яқинида диверсантлар гуруҳи аниқланди. Махсус амалиёт вақтида россиялик бир ҳарбий ҳалок бўлган. Шунингдек, Қрим ярим оролида ўрнашган Украинага содиқ агентлик тармоғи йўқ қилинди.

8 августга ўтар кечаси эса Украина Мудофаа вазирлигига қарашли махсус топшириқли бўлинмаларининг яна 2 диверсион гуруҳи ярим оролга ёриб киришга урингани, бу уриниш Россия махсус кучлари томонидан бартараф этилгани айтилди. Бу тўқнашувда ҳам россиялик бир ҳарбий ҳалок бўлган.

Террорчилик ҳаракатларини тайёрлашда диверсантларга ёрдам беришда гумон қилинган Украина ва Россия фуқаролари қўлга олинган. Улар терговда айбловга иқрор бўлиб, кўрсатма беришган.