Жамият | 09:16 / 12.08.2016
8754
2 дақиқада ўқилади

2030 йилга келиб 50 давлатда пенсионерлар сони ёшларникидан ошиши мумкин

Мустақил мутахассис Жозеф Чейми томонидан ўтказилган тадқиқот 30 дан кўпроқ давлатга "кексалик инқирози" хавф солаётганини кўрсатди. Ҳозирдаёқ Франция, Германия, Италия, Япония ва Канада каби давлатларда кекса ёшдагилар сони ёшлар сонидан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Бу муаммо билан биринчи бўлиб 1995 йилда Италия тўқнаш келди. Тадқиқотда прогноз қилинишича, 2020 йилда "кексаётган давлатлар клубига" Украина, Эстония, Латвия ва Куба қўшилади. 2030 йилга келиб Россия, Арманистон ва Хитойда кекса ёшдагилар сони ёшлар сонидан кўпроқни ташкил қилади.  

Мутахассиснинг маълумотларига кўра, 2075 йилга келиб сайёрамизда 10 млрдга яқин одам бўлади ва улардан кўпчилигини кекса ёшдагилар ташкил қилади: 65 ёшдан катта одамлар сони болаларникидан кўпроқ бўлади.  

21-асрда "кексайиш" хавф солмайдиган ягона қитъа – Африка бўлади. 2100 йилга келиб бу ерда ҳар 2 кекса одамга 3 нафар ёш бола, Нигерия ва Сомалида эса ҳар бир кекса одамга 2 нафардан кўпроқ ёш бола тўғри келади.