Ўзбекистон | 14:06 / 29.08.2016
100205
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқи президентга саломатлик тиламоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мамлакат президенти Ислом Каримов стационар даволанишда эканини маълум қилганидан кейин халқ ўз юртбошига соғлиқ тилаб, дуо қилмоқда.

Шунингдек, санъаткорлар ва спортчилар ижтимоий тармоқлар орқали президентга соғлик тиламоқда ва вазият ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатаётган хориж нашрларига ишонмасликка чақирмоқда.

Хусусан, Рио Олимпиадасида совриндор бўлиб қайтган боксчилар қўшиқчи Жаҳонгир Позилжонов билан биргаликда видеомурожаат йўллашган.

Бундан ташқари, хабарлар остида фикр қолдираётган барча интернет фойдаланувчилари президентни қўллаб-қувватлаб, унга соғлик-саломатлик сўрамоқда.

"Оиламиз дуода, халқимиз дуода. Аллоҳ юртбошимизга шифойи комил ато этиб бизга бош бўлиб, биргаликда дунёнинг энг ривожланган қаторига киргизишга насиб айласин илоҳим. Ҳали бизни янада буюк марраларимиз сари бошлаб боришади иншаоллоҳ!!!", дейди фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

"Умрлари узоқ бўлсин. Ҳаммаси яхши бўлади, Худо хоҳласа. Дуодамиз", дея ёзган твиттер фойдаланувчиси.

"Ўзбекистонимиз ва халқимиз учун қадрдон инсон фақат соғ-омон юришларини истаймиз. Насиб этса, 100 ёшга етганларида ҳам кўксимиз тоғдай бўлиб фахрланиб юрайлик. Мана шундай дориломон кунларга етиш учун юртбошимиз тунларни бедор ўтказиб, биз учун, миллат тақдири учун тиним билмасдан қилган меҳнатларини тарих ҳам, авлодлар ҳам унутмайди. У кишини Истиқлолимизнинг 25 йиллиги билан оиламиз номидан қутлаб, фақат тезроқ тузалиб кетишларини истаб қоламиз!", дея фикр қолдирилган хабарлардан бирига.

"Илоҳим, президентимиз мингга кирсинлар, у кишига соғлик, куч-қувват тилаймиз!", — деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.

Ўзбекистонликлар президентнинг саломатлиги ҳақида хабарни интиқлик билан кутмоқда.

Мавзуга оид