Ислом Каримовнинг буюклиги сирлари
Тоғда юрсак, унинг буюклиги гўё, кўзга ташланмагандек бўлади. Узоқлашганимиз сари тоғларнинг буюклиги яққол намоён бўлади. Тириклик вақтида ҳам, вафотидан кейин ҳам Ислом Каримовни буюк инсон эди, дейишга тўла хаққимиз бор. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборотида таъкидланганидек, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди.
Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан Республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Энг қийини мустақилликни сақлаб қолишдир. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 60 йилларида Африка қитъасида ва 90-йилларида постсовет мамлакатларида қўлга киритилган мустақилликлар хақида гапирадиган бўлсак, қайси бир ёш давлатда раҳбари оқил ва доно бўлса, ўша мамлакат тараққиёт йўлидан борди. Африканинг деярли барча мамлакатларида қуролли ғалаён ва исёнлар, давлат тўнтаришлари юз бериб, бу жараён “занжир реакцияси” каби ҳамон давом этмоқда. Доно йўлбошчиларга эга давлатлар тинч тараққиёт йўлини танлаб, буюк келажак яратиш йўлида бир қатор ютуқларга эришди. Бунда сўзсиз ўша давлат етакчисининг узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати катта аҳамият касб этади. Тарихий етакчиларнинг айби билан Африкада қонлар дарё бўлиб оққанини гувоҳи бўлганмиз.
Етакчи атрофдагиларга ўз билими ва аҳлоқий қадриятларини тақдим қилади. Масалан, Германия канцлери Гельмут Кол немис халқи миллий бирлигини қайта тиклаган арбоб сифатида тарихга кирди. Етакчи ўз режалари ҳақида сафсата сотмайди, балки уларни амалга оширади. Тарихдан маълумки, сўз ва иш бирлигига амалга қилганларгина етакчи бўла олади. Шу ўринда мустақиллик арафасида юз берган Ўш воқеаларини олайлик. Ўшанда “қора кучларнинг” режасига кўра, минтақамизда иккинчи Тоғли Қорабоғ яратилиши, бунда Ўзбекистон Арманистон каби вазифани бажариши керак эди. Бироқ айнан Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан юз бериши мумкин бўлган фожиаларнинг олди олинди.
Давримизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов билан таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатлари натижаси ўлароқ дунёга келган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобининг “Ҳокимият ва маънавият ёки подшоҳлар, хонлар, қироллар, президентлар фаолиятига бир назар” бобида қадимги ҳукмдорлардан тортиб ҳозирги давлат раҳбарлари ҳақида муаллифларнинг шахсий фикрлари, қарашлари баён қилинади.
Чингиз Айтматов Ўзбекистон Президенти билан илк учрашув ҳақида қуйидагича эслайди: “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан илк бор 1990 йилда учрашганман. Ўш фожиалари эсингдами? Икки қардош халқ ўртасида кутилмаганда нифоқ пайдо бўлиши, қон тўкилишига мен бефарқ қараб тураолмадим......
Ўша куниёқ Чкалов номидаги аэродромдан бир гуруҳ ўртоқлар билан ҳарбий самолётда учиб кетдим. Тошкентга қўнишимиз биланоқ мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов билан телефонда боғландим. Биз учрашдик. Тайёрагоҳнинг ўзида шошилинч кенгаш ўтказдик. Вазият кундай равшан эди: икки қардош халқ бир-бирининг ёқасига ёпишиб туришарди. Қарама-қаршиликни қандай қилиб бартараф этиш мумкин? Кутилмаганда аланга олиб кетган низони қандай йўсинда тўхтатиб бўлади? Бизни ана шундай муаммолар қийнар эди. Ҳар бир соатда янги хабар етиб келарди, юракларимиз ўртаниб, амалий ҳаракатга шошилар эдик.
Тез орада менинг келганимдан хабар топган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов аэропортга етиб келди. Ҳар доимгидек муайян бир масалага бутун диққат-эътиборини жамлаган, ҳаракатчан, ғайратли эди. Яккама-якка чин дилдан гаплашдик... Каримов билан гапимиз бир жойдан чиқди. У менинг фикр-мулоҳазаларимни батамом қўллаб-қувватлади ва самолёт зинапоясига қадар кузатиб қўйди.
Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идрок, донолик намунасини кўрсатди”.
2010 йил ёзида ҳам айнан Ислом Каримовнинг буюк хизматлари билангина икки мамлакат, икки халқ ўртасида юз бериши мумкин бўлган низоларнинг олди олинди. Буни тан олмасликнинг асло иложи йўқ. Ёки ўтган асрнинг 90-йиллари бошида фуқоролар уруши авж олган Тожикистонни олайлик. Бу мамлакатда тинчлик қарор топишига бевосита Ислом Каримов катта хизмат қилганини кузатувчилар тан олади.
Ислом Каримов оқилона олиб борган сиёсат туфайли Ўзбекистон чорак аср ичида гуллаб-яшнади ва жаҳонда муносиб ўрнини топди. Буюк ишлари туфайли Ислом Каримов сайёрамизнинг нуфузли сиёсатчиларидан бири сифатида тан олинди. Етакчи – ўз ортидан одамларни эргаштира оладиган сиёсатчидир. Олимларнинг фикрича, етакчилик ўзини ўзи (биринчи навбатда ҳиссиёти ва ақлини) назорат қилишдан бошланади. Чунки инсонларнинг ўй-хаёли ва ҳиссиётлари уларнинг келажагини белгилайди.
Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев хориж радиоларидан бирига берган интервьюсида “Ислом Абдуғаниевич Каримовга жуда катта ҳурматим бор. Бу одам 25 йилдан кўпроқ вақт давомида мамлакатдаги тинчликни сақлаб келди¸ Ўзбекистонни ўтиш даврининг жуда оғир даврларидан эсон-омон олиб чиқди. Бир йил олдин ўзбек халқи Каримовни сайлаган эди. Бу донишманд халқ кимни сайлашни билади ва келажакда ҳам Ислом Абдуғаниевич каби донишмандларни ўз етакчиси қилиб сайлайди” дейди. Беларусь собиқ президенти Станислав Шушкевич эса “Ислом Каримовни мен яқиндан таниганман. Мен уни ақл-заковат ва ҳамда кучли интеллект соҳиби сифатида биламан. У мен учун қадрдон киши эди. Биз уни бутун камчилигию фазилатлари билан қўшиб эътироф қилайлик. Бугун унинг яқинлари билан ҳамдардман” дейди.
Етакчи бўлиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Етакчи қалбан ва жисмонан мард бўлиши керак. Улар фикрлар қамровининг кенглиги билан ажралиб туришади. Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлади. Етакчи бировларни ўзига бўйсиндиришни эмас, балки ортидан эргаштириш қобилиятига эга бўлиши керак. Агар унинг хатти-ҳаракати яхшиликка йўналтирилган бўлса, унинг ортидан одамларнинг эргашиши турган гап. Бу жиҳатларни Ислом Каримов сиймосида кўрдик.
Етакчилар ўз атрофига сиёсатнинг муҳим муаммолари бўйича экспертлардан иборат “ақл марказлари”ни жамлайди. Бу марказлар ўз навбатида муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда самара бериши исботланган. Етакчи у ёки бу масала бўйича мағлуб бўлиши ёки зафар қозониши мақсадида таваккал қилишдан қўрқмаслиги керак. Чунки сиёсат кутилмаган воқеалар занжиридир. Шу сабабли ҳам етакчи ҳамма нарсага тайёр турмоғи лозим. Сиёсий етакчилар жамият тарақиётининг инқирозли даврида юзага чиқади. Улар сиёсий ва иқтисодий дастурлари билан саҳнага чиқиб, жамиятнинг қийинчиликлардан чиқиб кетишига ҳисса қўшадилар.
2 сентябрь соат 23.00да “Россия-24”телеканали бошловчиси “Каримов ўзини жаҳон даражасидаги сиёсатчи сифатида кўрсатишга муваффақ бўлди. Унинг муваффақиятлари Ўзбекистон муваффақияти сифатида кўрилди” (Каримов проявил себя политиком мирового уровня. Его успехи в итоге стали успехами Узбекистана) деди. Унда таъкидланганидек, Каримов ҳақиқатан ҳам янги жаҳон сиёсий реаллигига асос солди. У постсовет раҳбарлари қила олмаган ишнинг уддасидан чиқди. СССР собиқ республикасининг фикрини Брюссель, Вашингтон, Москва тинглайдиган, жаҳон сиёсий майдонининг ўйинчисига айлантирди. (Каримов, и правда, создавал новую мировую политическую реальность. Он смог то, что удалось далеко не каждому постсоветскому лидеру. Сделал из бывшей республики СССР полноценного игрока мирового политического поля, от позиции которого много чего зависело, и к мнению которого прислушивались и Брюсселе и Вашингтоне, и в Москве).
Ислом Каримов СССР вақтида ҳал қилинмаган Ўзбекистондаги мураккаб вазифаларни ҳал қилишга мажбур бўлди. (Исламу Каримову пришлось решать множество труднейших задач в Узбекистане). Кўрсатувда 32 миллион аҳолига эга Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат эканини таъкидланар экан, шундай шароитларда И.Каримов республикани сақлаб қолди, фуқоролар уруш алангаси чиқишига, бировларнинг ҳиссиётлари гарови бўлишига йўл қўймади (И в этих условиях Каримов сохранил республику, не дал зажечь костер гражданской войны радикалам, не дал сделать ее заложником чужих амбиций), дейилади.
Етакчилар ҳамиша ўзларига ишонишади. Шу ўринда Ислом Каримовни “Америка қайта қуриш”ининг отаси Франклин Рузвельтга қиёслаш мумкин. Айнан Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ҳам худди АҚШ сингари оғир иқтисодий вазиятдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, Ислом Каримов ҳам худди Ф. Рузвельт сингари самарали сиёсий фаолияти туфайли тўрт марта президент этиб сайланган. Ф. Рузвельт АҚШ тарихида ўз лавозимига тўрт марта сайланган ягона президентдир. АҚШдаги “Янги курс” иқтисодий ислоҳотлари, фашизмга қарши кураш коалициясини тузиш унинг номи билан бевосита боғлиқ. Ислом Каримов эса Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар отаси сифатида тан олинади. Халқаро теророризм ва унга қарши кураш борасидаги баёнотлари туфайли ҳам Ислом Каримов бир овоздан энг машҳур сиёсатчилари сафидан ўрин олган. 1944 йилда Рузвельт тўртинчи муддатга ўз номзодини президентликка кўрсатишга рози бўлади. У оғир дамларда мамлакатни тақдир хукмига ташлаб қўйишни истамади. Худди шу каби фикрни Ислом Каримовга нисбатан ҳам ишлатсак бўлади. Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон том маънода мустақилликка эришди. Яъни нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам мустақил бўлдик. Шаҳарларимиз, қишлоқларимиз тубдан ўзгарди. Ягона темирйўл мажмуаси яратилди. “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакоманияси дунёдаги етакчи авиакомпаниялардан бирига айланди. Қўл билан тикланган бунёдкорликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Ислом Каримов ўзига қўл билан тиклаб бўлмайдиган ҳайкал қўйди. Бу инсонларнинг қалбидан жой олганидир. Президентимизнинг вафоти хақидаги хабарни эшитиб, йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам йиғлади. Буни хорижда юрган айрим аламзадалар билиб қўйсин. Халқимиз президентлик сайловларида Ислом Каримовни ёқлаб овоз берган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахборотида таъкидланганидек, халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.
Шарофиддин Тўлаганов
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024