Ўзбекистон | 09:57 / 21.10.2016
11341
7 дақиқада ўқилади

Психотроп моддаларни ноқонуний олиб кириш ҳолларининг олди олинди

Фото: spb.ru

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатлари тасдиқланган.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон қарори билан тасдиқланган) кўра гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади, дея ойдинлик киритилади Ўзбекистон Божхона қўмитаси сайтида эълон қилинган мақолада. 

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини йўловчи божхона декларациясида қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун — божхона органига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

Афсуски, мазкур талабларга риоя қилмасдан туриб, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Республикамиз божхоначилар томонидан мазкур уринишларнинг олди олинмоқда.

Жумладан, Москвадан учиб келган қувалик Н.Зоҳидованинг (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари Андижон аэропортида божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, у божхона назоратидан яширин равишда 90 дона “Фенезепам” психотроп таблеткаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Сурхондарё вилояти “Сариосиё” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган пиёдалардан бири, хорижий давлат фуқароси П.Стефан республикамизга кириб келар экан, унга тегишли қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, бу шахс “Феназепам”, “Диазепам” каби 4 турдаги 121 дона психотроп таблеткаларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган экан.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мазкур йўналишдаги бир нечта божхона қоидабузарликларини бартараф қилишди.

Жумладан, “Довут ота” чегара-божхона постида қўшни давлатдан кириб келган деновлик И.Очилов бошқарувидаги “Нексия” автомашинаси божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 50 дона “Феназепам” психотроп таблеткаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга урингани маълум бўлди.

Шунингдек, “Волгоград-Тошкент” рейси бўйича йўловчи поездида республикамизга кириб келган фуқаро О.Смирнова ҳам 150 дона “Феназепам” психотроп таблеткаларини яширин равишда олиб кирмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний равишда олиб кирилишига қарши чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Уфа-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поезди йўловчиси, хорижий фуқаро М.Газиева божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, сумкасига 33 дона “Феназепам” таблеткаларини яширганлиги аниқланди.

Маълумки, Халқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян таъқиқланган.

Мазкур талаб миллий қонунчилигимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланади.

Жорий йилнинг, 21 апрелидан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 165-моддасида эса халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида тегишинча божхона ҳудудига олиб кирилиши ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган товарларни юборишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Лекин шунга қарамай сўнгги пайтларда таркибида наркотик ва психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларини почта жўнатмаларида юбориш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Жумладан, “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пойтахтимизда истиқомат қилувчи Ч.Анастасия номига юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу жўнатмадаги буюмлар орасида 2 турдаги дори воситалари, шу жумладан 150 дона “Феназепам” таблеткалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида 5,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлигини ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг жисмоний шахсдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг номларига ва сонига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қиладилар.

Жисмоний шахслар томонидан тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва божхона органига билдирилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар номлари ва сонидан ортиқ бўлган тақдирда ортиқчаси олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Шундай экан, шифокорнинг тегишли кўрсатмасиз, шунчаки таниш-билишларнинг тавсияларига асосланиб, психотроп дори воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уриниш орқали нафақат соғлигингизни хавфга қўясиз, балки қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка ҳам тортилишинингиз мумкинлигини асло унутманг!


 

Мавзуга оид