Жаҳон | 11:52 / 28.10.2016
8273
3 дақиқада ўқилади

"Янги Сноуден" АҚШ ҳукумати ва ноқонуний жосуслар ҳақидаги маълумотларни ўғирлаганликда айбланмоқда

Фото: Globallookpress.com

Миллий хавфсизлик агентлигининг (МХА) махфий маълумотларни ўғирлаш бўйича иши кўрилаётган собиқ ходими Ҳарольд Томас Мартин III америкалик ноқонуний жосуслар ҳақидаги  маълумотларни ўғирлади. Associated Press суд материалларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

51 ёшли Мартиннинг ҳимояси тергов ниҳоясига етгунга қадар уни қамоқдан озод қилишни сўраб, судга мурожаат қилди. Бундан аввал судья Дэвид Коппертайт айбланувчи АҚШ миллий хавфсизлик хизматига хавф туғдиришига асосланиб, шу мазмундаги сўровни рад этганди. Шунингдек Коппертайт Мартиннинг уйидан тахминан 50 терабайт махфий маълумотларни топишга муваффақ бўлган прокуратуранинг далилларини ҳам инобатга олди, бу маълумотларнинг ичида разведка ходимларига оид маълумотлар ҳам бўлган. 

МХА собиқ ходимининг ижтимоий муҳофазачилари Жеймс Вида ва Дебора Бордмэн, ўз навбатида, Мартин маълумотларни тўплаш ва ўрганишга бўлган қизиқиши, шунингдек янада малакали мутахассис бўлиш истаги  туфайли уларни уйда сақлаганини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, улар Мартин "ўз оиласи ва мамлакатини севиши" ҳамда маълумотларни хорижий разведка ходимларига етказиш нияти бўлмаганини айтишди. 

Мартин 27 августда ҳибсга олинган бўлишига қарамай, бу ҳақида фақат 5 октябрдагина маълум бўлди. Тергов иши маълумотларига кўра, у шартнома бўйича федерал ҳукумат билан ишловчи МХА ходими бўлган ва миллий хавфсизликка оид маълумотларга эгалик қилган. The New York Times маълумотларига кўра, айбланувчи МХА учун махфий кибероперацияларни ишлаб чиқувчи ва уларни амалга оширувчи Booz Allen Hamilton компанияси билан ҳамкорлик қилган. 

Мартиннинг уйи ва автомобили, шунингдек омборхона ҳудудида ўтказилган тинтув давомида АҚШ ҳукуматига тегишли ҳамда бошқа махфий рақамли маълумотлар топилган. Бундан ташқари, ҳукуматга тегишли бўлган умумий қиймати 1000 доллардан ортиқни ташкил қилувчи,  тахминан ўғирланган буюмлар топилган. 

Мартинга нисбатан давлат мулкини ўзлаштириш, шунингдек махфий материалларни рухсатсиз олиш ва сақлаш  айблови қўйилди. 

Америка махсус хизматларининг оммавий кузатувга доир материалларни ошкор қилган МХА собиқ ходими Эдвард Сноуден ҳам Booz Allen Hamilton билан ҳамкорлик қилган. 2013 йилда у Америка махсус хизматлари фаолиятига оид бир қатор ҳужжатларни журналистларга етказган. 

Материаллар ошкор қилинганидан сўнг Сноуден АҚШдан Ҳонконгга, кейин эса Россияга қочган ва Москвадаги Шереметьево аэропортининг транзит зонасида бир ойдан ортиқ вақтини ўтказган. 2013 йилнинг 1 августида у РФдан вақтинчалик бошпана топган, бир йилдан кейин эса - уч йиллик яшаш ҳуқуқини қўлга киритган. 
 

Мавзуга оид