Ўзбекистон | 20:20 / 28.10.2016
6619
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сайловолди ташвиқотларига старт берилди

Фото: Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати

Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун видеконференцалоқа шаклида брифинг ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссияси қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида хабардор қилди.

Аввал маълум қилинганидек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига асосан, сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.

Хусусан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларини инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» теле -ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, «Тошкент» телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.

«Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» газеталарида 6 саҳифадан, «Нурли жол» ва «Овози тожик» газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республика бўйича 642 тадан ташқи реклама воситаси, яъни, махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланади. Шунингдек, республиканинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликлари бепул жойлаштириш имконияти яратилади.

Сайлов тажрибасида биринчи марта «Овози тожик», «Нурли жол» газеталари нашр майдонларидан ҳам номзодлар ташвиқоти учун фойдаланишга қарор қилинди. Бу мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг номзодлар сайловолди дастурлари қоидалари билан яқиндан танишиш имкониятини янада кенгайтиради.

Сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.

Брифингда сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ОАВнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ахборотлардан фойдаланиши учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВнинг 500 дан ортиқ вакили, округ сайлов комиссиялари томонидан қарийб 560 нафар маҳаллий журналист аккредитациядан ўтказилди.

Мавзуга оид