Жаҳон | 16:21 / 31.10.2016
30059
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон: Тожикистон қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқаларини тикламоқда

Фото: avesta.tj

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг баёнот беришича, республика қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўймоқда. У бу ҳақда Роғун шаҳри аҳолиси, мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувида маълум қилган, деб хабар қилмоқда Avesta‎ интернет нашри.

Тожикистон давлат раҳбарининг қайд этишича, Тожикистон мустақиллигининг илк йиллариданоқ ўз сиёсатида айниқса қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликка жиддий эътибор бериб келган ва турли муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш мумкин деган фикрни илгари суради. Тожик халки кўп асрлар давомида ўз қўшнилари билан тинчлик, хотиржамлик, ўзаро англаш ва ҳамкорлик руҳида яшаб келмоқда. 

«Тожикистон ҳукумати ўзининг очиқ эшиклар сиёсати доирасида ўзаро фойдали йўналишлар, айниқса, сув, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда минтақа мамлакатлари, хусусан дўст ва қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқаларини тикламоқда», – деган давлат раҳбари. Имомали Раҳмон икки томонлама муносабатлардаги муҳим масалалар ўзаро тушуниш ва икки халқ манфаатларидан келиб чиқилган ҳолда ҳал этилишига умид билдирган. 

Имомали Раҳмон Роғун ГЭС ўзининг 3600 мВт электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати ва сув омборида 13,3 куб. квадрат километр сувни тўплай олиши билан минтақадаги гидроэлектр энергияси муаммосини ҳал этишда ижобий роль ўйнаши мумкинлигини таъкидлаган. Бу иншоот, расмий Душанбе фикрича, дарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларга янги ерларни ўзлаштириш ва уларни суғориш имконини бериши керак. 

 

Мавзуга оид