Фан-техника | 16:26 / 01.11.2016
4416
2 дақиқада ўқилади

«Тойота» машиналарни смартфонлар ёрдамида очишга имкон бермоқда

Фото: motortrend.com

Япониянинг дунёга машҳур Toyota автомобилсозлик компанияси Smart Key Box қурилмасини намойиш этди. У автомобиль эшикларини смартфон ёрдамида очиш ва ёпиш, двигателни юргизиш имконини беради. Бу янгилик каршэйеринг (carsharing) дастурларида фойдаланиш учун ишлаб чиқилган бўлиб, унинг синов жараёни келаси йил Сан-Франциско шаҳрида бошланади. 

Бу қурилма ҳеч қандай махсус ўрнатишни талаб қилмайди. Уни шунчаки, олд панелга, идиш қўйгич ёки салондаги қутига жойлаш кифоя қилади. Carsharing мижози Smart Key Box қурилмаси қолдирилган машина яқинига келгач, махсус кодни юбориши керак бўлади. Bluetooth орқали қабул қилинган кодни қайта ишлаган тизим эшикни очиш ва двигателни ишга тушириш имконини беради. 

Янги тизим Getaround хизмати билан ҳамкорликда синовдан ўтказилади. Toyota компанияси ушбу фирмага назоратидаги жамғарма орқали 10 млн доллар сармоя киритган. Синов жараёнида Prius гибриди ёки Lexus машиналарига эга кишилар иштирок этишлари мумкин.

Getaround фирмасининг carsharing дастури автомобиль эгаларига узоқ муддат мобайнида фойдаланмаган автомобилларини ижарага бериш имконини ҳам беради. Хизмат вакилларининг ишонтиришларича, Getaround ёрдамида ойига 800 доллар ишлаш мумкин. Автомобиль ижара ҳақи соатига 5 долларни ташкил этади. 

Қайд этиш жоизки, Япония компанияси бу каби дастурни ишга тушираётган илк фирма эмас. Масалан, Daimler концернининг Car2Go хизмати аллақачон фаолият юритмоқда. АҚШнинг қатор йирик шаҳарларида General Motors компаниясининг Maven хизмати ишламоқда. «Форд» Лондонда GoDrive сервисини, BMW компанияси эса Сиэттлда ишлаётган ReachNow хизматини йўлга қўйишга улгурган. Бундан ташқари, яқин орада «Тесла»нинг ўз хизмати пайдо бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид