Фан-техника | 10:07 / 12.11.2016
18709
4 дақиқада ўқилади

Ўзбек олими қуёш энергиясини ўзлаштирувчи қопламаларнинг янги технологиясини тақдим этди

Суратлар: ЎзМУ

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро симпозиумда маърузаларни тинглаган иштирокчилар тўрт тематик шўъбага тарқалишди.

Назарий ва астрофизика масалаларига бағишланган биринчи шўъбада Озарбойжон, Россия, Хитой, АҚШ, Латвия ва ҳиндистонлик физик олимларнинг маърузалари тингланди. Маърузачилар коинотни кузатиш ва астрометрик тадқиқотлар ўтказишдаги янгиликлар, қаттиқ жисмлар физикаси, квант физикаси масалаларига оид фикр-мулоҳазаларини тақдим этдилар. Астрометрия ва коинотни кузатиш фаолияти ҳақидаги маърузаларда олимлар Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг бу борадаги аҳамиятини қайд этишди. Хусусан, экзосайёра (Қуёшдан бошқа юлдузлар атрофида айланувчи сайёра)лар ҳақидаги қизиқарли маърузани тақдим этган россиялик олим Дмитрий Бисикало бу типдаги янги сайёраларни кашф этишда Майданак билан ҳамкорлик яхши натижа бериши ҳақида таъкидлаб ўтди. Тақдимотлар орасида германиялик ёш олим Зири Ёнсининг қора туйнукларни тасвирга тушириш ҳақидаги маъруза барча учун қизиқ бўлди. У бу борадаги тадқиқотлардан жамоатчиликни хабардор қилиш усулларига ҳам тўхталиб ўтди. 

Шўъба йиғилишининг назарий физика қисмида голландиялик олим Жан Зааненнинг қаттиқ жисмлар физикасига бағишланган маърузаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Олимнинг бу соҳадаги турли назарияларни бирлаштириб илгари сурган янги фаразлари ҳақида йиғилганлар маърузадан сўнг ҳам анча муддат мунозара қилдилар. 

Экспериментал физика натижалари муҳокама қилинган иккинчи шўъба йиғилишида яримўтказгичлар физикаси, ўта ўтказувчанлик ҳодисаси, металларнинг физик-химик хоссалари каби мавзулар юзасидан Япония, Қозоғистон, Латвия каби мамлакатлардан келган физик олимларнинг маърузалари тингланди. 

Қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш имкониятларига бағишланган маърузалар халқаро симпозиумнинг учинчи шўъбасида тингланди. Йиғилганлар эътиборига қуёш энергиясини янада самарали ўзлаштиришда полимер электролит ва бўёқ моддалардан фойдаланиш масалалари (Малайзия), терининг ҳимоя функциясини кучайтирувчи капсулалар (Германия), ультрабинафша ва инфроқизил нурларни ўтказмайдиган (Ўзбекистон) ва электрохром ойна (Россия) каби амалий аҳамиятга эга лойиҳалар тақдим этилди. Хорижлик олимлар билан бир қаторда, ўзбек тадқиқотчилари ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг янги имкониятлари ҳақидаги маърузалари билан иштирок этишди. Жумладан, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти Материалшунослик миллий институти вакили Султон Сулаймонов қуёш энергиясини ўзлаштирувчи қопламалар учун композицион материаллар синтезининг янги технологиясини тақдим қилар экан, қуёш энергияси билан шуғулланувчи тадқиқотчилар олдида турган энг асосий масала электр энергияси таннархини туширишдан иборат эканлигини таъкидлади". 

Тўртинчи шўъбада фундаментал ва амалий физикадаги янги материаллар мавзусига оид маърузалар тингланди. Унда Буюк Британия, Бельгия, Покистон, Россия, Хитой, Япония, Греция ва Украинадан келган олимлар ўз изланишлари натижаларини тақдим қилишди. 

Шўъбалар доирасидаги барча маъруза ва муҳокамалар ниҳоясига етгач, иштирокчилар халқаро симпозиумнинг якуний йиғилишида тўпландилар. Дастлаб йиғилиш раиси, Ўзбекистон Миллий университети ректори профессор Аваз Мараҳимов сўзга чиқиб, бу тоифа анжуманларнинг мамлакатда илм-фан тараққиётидаги аҳамиятини таъкидлаб, симпозиум иштирокчиларига қизиқарли ва долзарб тақдимотлар учун миннатдорлик сўзларини билдирди. 

Мавзуга оид