Фан-техника | 18:20 / 14.11.2016
6231
2 дақиқада ўқилади

Samsung дунёга машҳур автомобиль аудиотизимлари ишлаб чиқарувчисини харид қилмоқда

Фото: Reuters

Кореянинг Samsung Electronics компанияси Американинг автомобиль аудиотизимлари ишлаб чиқарувчи Harman International Industries Inc. компаниясини 8 млрд доллар эвазига харид қилаётганини эълон қилди. Бу ҳақда, Samsung компаниясининг расмий веб саҳифасида маълум қилинган.

Таъкидланишича, Samsung шу билан фаол ривожланиб бораётган автомобиль электроникаси бозорининг иштирокчиларидан бирига айланади. Ушбу бозор ҳажми 2025 йилга келиб 100 млрд долларга етиши тахмин қилинмоқда. 

"Harman технологиялар, маҳсулотлар ва қарорлар нуқтаиназаридан Samsung компаниясини тўлдиради. Бирлашма, маълум бир вақтдан бери давом этиб келаётган  автомобиль стратегиямизнинг узвий давоми бўлади", - деган Samsung Electronics вице-президенти ва бош ижрочи директори Квон О Хён.

Ўз навбатида, Harman компаниясининг президенти ва бош ижрочи директори Динеш Паливалнинг қайд этишича, мазкур битим компания акциядорлари учун сезиларли қийматга ва ходимлар учун янги имкониятларга эга. Унинг сўзларига кўра,  Samsung билан ҳамкорлик бозорнинг ушбу соҳасида инновацияларни жорий қилишда қўл келади. 

2016 йил 30 июнига оид маълумотга кўра, Harman компаниясининг буюртмалар пакети 24 млрд долларга баҳоланган. 

Reuters агентлигининг қайд этишича, ушбу харид Samsung корпорациясининг хориждаги энг йирик битимидир. 


 

Мавзуга оид