Аёлларнинг ҳаёсизлиги – эркакларнинг ғурурсизлигидандир!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.
Бир куни қабулимга бир йигит ҳаяжон билан, ажабланган ҳолатда кириб келиб, мулоҳазали мавзуни кўтариб қолди.
У: «Қори ака, жумъа маърузаларида қизларнинг тарбияси тўғрисида кўпроқ гапирмасангиз бўлмайди шекилли. Аёллар, айниқса турмушга чиқмаган қизлар жуда ҳам айниб, беҳаё, тарбиясиз бўлиб бораяпти», деб ўз эътирозини билдирди.
Унинг бу эътирозида яқин вақт ичида қандайдир ҳодиса рўй бергани, у йигитнинг онгига қаттиқ таъсир қилгани сезилиб турарди. Йигитнинг ҳаяжонига қандайдир ҳодиса сабаб бўлганини тушуниб турган ҳолда: «Нима бўлди?», деб сўрадим.
У йигит: «Кўчада кира қилиб юрган бир машинани тўхтатдим. Ҳайдовчи ёнидаги олд ўриндиқда бир қиз ҳам ўтирганди. Мен айтган манзилга қараб кетарканмиз, беихтиёр олд ўриндиқдаги қизга кўзим тушди. Унинг кийимлари бир аҳволда, деярли ярим-яланғоч экан. Шу вақт қиз машина магнитафони тугмаларини боса бошлади. У қилди - бу қилди, анча уринди, ўзи истаган нарсани тополмагач, ёнидаги ҳайдовчига қараб: «Ада, ўзингиз қаранг буни, фалон нарсага қўйинг, мен тополмаяпман», деб қолди. Эътибор берсам, унинг тугмаларни боса олмаётганига тирноқларини ниҳоятда ўстириб олгани халал бераётган экан. Энг ажабланганим шундаки, автомобилни бошқариб кетаётган отаси қизининг кийинишига мутлақо бепарво эди. Шу ҳолат менга қаттиқ таъсир қилди. Наҳотки ота ўз қизини шу ҳолатда кўчага чиқишига, уни ўз ёнида олиб юришга қўйиб берса?! Балки қизини ўқишга, ишга, бозор ёки бошқа ерга олиб бораётгандир. Эҳтимол ўзини замонавий оталардан ҳисоблаб, қизининг истаганича кийинишига қўйиб беришидан фахрланар ҳам! Мана, жумъа намозларига асосан оталар, хонадон раҳбарлари келишади. Балки улар орасида ҳам қизи, турмуш ўртоғининг очиқ-сочиқ кийинишига эътиборсизлар бордир. Этиборсизлар ёки бунинг катта маъсият эканини билмаганлар бўлса ўргатиш, унутганларнинг ёдига солиш учун ҳам барчамизга қизлар тарбиясидаги энг нозик томонлар тўғрисида, қиз-жувонларнинг иффати, ҳаёси, иймон-эътиқоди, ахлоқ-одобини сақлаш учун ҳақиқий эр йигитлар, оталар, ака-укалар нималар қилмоғи тўғрисида маъруза қилинса», деди.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда шаҳримизнинг ҳар бир қадамида бу каби ҳолатларни учратиш мумкин. Бозорда ишлайдиган сотувчилар томонидан ҳам худди шундай гаплар тез-тез тилга олинмоқда. Айрим ота-оналар қизларини кийим-кечак дўконига олиб кириб, бир-биридан тор, елкаси, орқаси очиқ ажнабий либосларни кийдириб кўраётганини, ҳаттоки отаси буларни кийдириб кўриб: «Йўқ, бу ярашмади, бу унчалик одамни жалб қилиб, ўзига тортадиган эмас экан, беўхшов бўлиб қолдинг, яна ҳам яхшироғини, яна ҳам торроғини, яна ҳам калтароғини кийгин», деб тавсия қилаётганига ҳам гувоҳ бўлаётганлар бор.
Йўқ азизлар, инсон замон талаби шу экан-да, деб нима бўлса қабул қилиб кетавермаслиги керак. Аввало ота-оналар болалар учун масъул. Улар фарзандлар соф фитратда дунёга келишини, ота-оналар уларни ўзларидан келиб чиқиб ё бузишлари, ёки тузатишлари мумкинлигини унутмасликлари лозим.
Орамизда бу каби бидъат-хурофотлар, гуноҳ-маъсиятлар пайдо бўлса, уларга лоқайд қарамаслигимиз, қўлимиздан келганича уларга қарши чиқишимиз шарт. Акс ҳолда гуноҳкор бўламиз, нафақат у дунёда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам жазомизни олмасдан ўтмаймиз. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар, ҳаттоки Қуръон оятлари келган.
Кези келганда янгиланиб, тобора мудҳиш тус олиб бораётган яна бир эски дардимиз ҳақида тўхталиб ўтсам. Яқинда мебел сотадиган дўкончи танишларимиздан бири шикоят қилиб қолди: «Қори ака, биламиз, анча-мунча амри маъруфлар бўлиб турибди, бу ҳақда кўп айтасиз, лекин барибир шу гаплар камроқ бўлаётгандек туюлмоқда. Тўйларда барча уй жиҳозларини олиш ҳаражатлари келин томонга юкланганлиги барчамизга маълум. Ҳозирги кунда онасининг этагини ушлаб катта бўлган йигитчалар номардларча келин тарафдан ҳамма жиҳозларни, сарфу ҳаражатларни талаб қилаётгани ачинарли. Асосан аёлларимизнинг тизгинсиз «орзу-хаваси» деб чегарадан чиқиш ҳолатлари кўпайгандан кўпайиб бораяпти. Биз эркаклар эса бундай гап-сўзларга ҳеч қандай муносабат билдира олмаяпмиз, буларнинг ёмонлигини билиб туриб ҳам қаршилик кўрсата олмаяпмиз.
Яқиндан бери янги бир одат пайдо бўлиб қолди. Мебел танлаш жараёнига энди келин ва унинг онаси билан куёв ва онаси ҳам келадиган одат чиқардилар. Куёв билан унинг онаси мебел дўконида айланиб, у ерда ўнлаб ҳар хил кўринишдаги, ҳар хил мамлакатлардан келтирилган, турли қийматга эга мебелларни кўриб чиқади. Шуларнинг ичидан келин билан онаси бир мебелни кўрсатиб: «Мана бу мебел бўладими?», деб танласа, куёв билан онаси келиб туриб: «Йўқ, бу бўлмайди, бизга ёқмади, бошқасини танлаймиз», дейди. Келин билан она бошқасини танлаб: «Мана буни кўрингларчи, буниси бизга ёқди», деса, куёв билан онаси яна: «Йўқ, бу ҳам бўлмайди, уйимизнинг ҳажмига тўғри келмайди. Бу кичкина бўлиб қолади, хонамиз ниҳоятда катта, уйимизни ҳайбатига, савлатига ярашадиган мебел бўлиши керак», дейишади. Ахийри келин билан онаси: «Майли, ўзларингга маъқул бўлганини танланглар, кейин гаплашармиз», дейишади. Куёв билан онаси эса ўзлари айтгандек, уйларининг савлатига, ҳажмига тўғри келадиган ўта қимматбаҳо, хориждан келтирилган мебелни танлайди. Келин билан онаси мажбур бўлиб, қуввати етса ўша ерда тўлаяпти, агар етмаса насия қилиб: «Шуни банд қилиб қўйинглар, биз эрта-индин пулини тўлиқ тўлаб олиб кетамиз», деб кетишаяпти. Биз-ку, мебел сотганимизга хурсандмиз. Лекин янги пайдо бўлаётган бу одат бориб-бориб юртимиз, миллатимиз, мўмин-мусулмонларимизнинг, айниқса эркакларнинг номига доғ бўлиб тушади-ку! Шу кетишда келажак авлодимизни нималар кутаяпти экан?! Беш-ўн йилдан кейин қандай ҳолат юзага чиқар экан, деб ҳайрон бўлаяпмиз. Шу муаммони яна ва яна кўтариб чиқсангиз. Куёвларимиз ўз йигитлик ғурурини, оталар эркаклик ғурурини, оналар эса ўзларининг аёллик, қайноналик мақом-мартабасини билса, ҳурмати, обрў-эътиборини сақлашга ҳаракат қилса. Арзимас молу дунё учун, арзимас уйнинг жиҳози учун бор-йўғидан воз кечиб юборавериш одамгарчиликка ҳам тўғри келмайдиган иш эмасми?», деб мулоҳаза билдирди.
Ҳақиқатан ҳам, минг афсуски, ҳозирда мана шу каби ҳолатлар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Тўғри, улар ҳақида кўп маротаба айтилмоқда, амри маъруфлар қилинмоқда. Уларни эшитиб, бунга амал қилаётганлар озроқ бўлса ҳам бор, алҳамдулиллаҳ. Айрим ижобий ўзгаришлар ҳам кўзга ташланмоқда. Биз буларни инкор этолмаймиз.
Аммо, нисбатан олиб қараганда, булар барибир жуда ҳам оз. Биз истардикки, шариат талабларига мувофиқ қилиб иш тутувчилар кўпайса, ҳақиқий йигитлар, ҳақиқий эркаклар, ҳақиқий мусулмонлар ўзларининг мусулмончилик, эркаклик ғурури, шаъни, обрў-эътиборини арзимас молу дунёга, чой чақага ёмки хориждан келтирилган бирор-бир жиҳозга алмаштириб юбормасалар. Булар келажакда ботмонлаб, қанча-қанча мол-дунё сарф қилиб бўлса ҳам топилмайдиган обрў, маънавий тарбия, қолаверса, иймон-эътиқод шартидир.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” - ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
18:26 / 16.09.2024
ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
15:31 / 08.09.2024