Жаҳон | 07:53 / 07.12.2016
46942
2 дақиқада ўқилади

Байрут аёллари номусга тегиш ҳақидаги қонунга антиқа кўринишда норозилик билдиришди

Фото: © AP

6 декабрда Ливан пойтахти Байрутда аёллар номусга тегиш ҳақидаги қонунга норозилик билдиришди. Бу қонунга кўра зўравон агар қурбонига уйланса, жазодан қутулиб қолиши мумкин. Қонундан норози аёллар никоҳ либослари ва кўзларига қон доғлари бўлган латталарни боғлаганча норозилик билдирдилар, деб хабар бермоқда CTV News. 

Қонун Байрут ҳудудида 1940-йиллардан бери амал қилиб келади. Яқинда янги президент сайлангани билан боғлиқ ҳолда ҳукумат қонуннинг бекор қилинишини муҳокама қила бошлади. Президент лавозими 2016 йил октябрда ҳокимият тепасига "Ҳизбуллоҳ" ташкилотидан 81 ёшли Мишель Аун келмагунча, 2,5 йил бўш қолаётган эди.  

Шу сабабли фаол аёллар қонуннинг бекор қилинишига катта умид боғламоқдалар. Аёллар агар зўравон эркак ўз қурбонига уйланса, 7 йиллик қамоқ жазосидан қутула олиши ҳақидаги бандга қарши чиқиб келишмоқда.

"Мен номусимга тегишганда нима бўлишини ўйладим. Менинг бўлғуси фарзандларим "Она, отам билан қандай танишгансизлар?", деб сўраса, "Мен номусимга теккан эркакка турмушга чиққанман" деб айтаманми?", деб айтмоқда аёллардан бири.

Норози аёллар бу қонун аёллар ҳуқуқини пой-мол қилмоқда, деб ҳисобламоқдалар. Бироқ Ливаннинг кўпчилик фуқаролари бу йўл билан қизлар ўзлари ва оила шаънларини сақлаб қолишлари мумкинлиги ҳақидаги фикрни билдиришмоқда.

Парламентнинг баъзи аъзолари қонунни ўзгартириб, қизнинг зўравонга чиқиши бўйича қарорни чиқаришни унинг оила аъзолари ҳукмига қолдириш кераклигини айтишмоқда. Ушбу масала бўйича якуний қарор 7 декабрдаги йиғилишда қабул қилинади.

Мавзуга оид