Жамият | 09:39 / 31.12.2016
12468
2 дақиқада ўқилади

Испанлар йил сўзини танлашди

Фото:Getty images

Испанияда "популизм" атамаси кетаётган 2016 йилнинг йил сўзи бўлди. Бундай қарорга "Fundéu BBVA" жамғармаси тилшунослари келдилар.

2016 йил сўзига шунингдек "ютубер" ва "кейинги ҳақиқат" атамалари дъвогарлик қилди.

Жамғарма бош координатори Хавьер Ласкураиннинг айтишича, "бундай сиёсийлашган, Brexit, Дональд Трамп сайланиши, Америка ва Испанияда турли электорал воқеалар юз берган йилда йил сўзи бу соҳадаги, яъни сиёсатдаги сўз бўлиши тушунарли эди". 

Унинг айтишича, "тилшунослик нуқтаи назаридан бу атама маъноси ўзгармоқда ва кўпроқ салбий кўриниш олмоқда".  

"Охирги ойлар давомида биз "популизм" атамасининг ҳақиқий маъноси нима эканлиги ҳақида кўплаб сўровлар олдик. Аёнки, унинг ОАВда ва сиёсий дебатларда кўп ишлатилиши унинг турли луғатларда "халқ манфаатларини ҳимоялаш" деган таърифидан кўра узоқроққа боради", деб айтди  Ласкураин.

Тилшуноснинг айтишича, охирги вақтда бу сўз ишлатилишида "сиёсатчилар томонидан мураккаб муаммоларга оддий ечимларнинг таклиф қилиниши" маъноси кучаймоқда.

Испанияда 2014 йилда "селфи", 2015 йилда эса "қочқин" сўзлари йил сўзлари бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, популизм деганда сайловолди курашида ўзига кўпроқ одамларни жалб қилиш мақсадида кенг оммага асоссиз ваъдалар бериш сиёсати тушунилади. 

 

Мавзуга оид