Ўзбекистон | 11:09 / 26.01.2017
33307
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги банк пулларини қопларда олиб чиқиб кетган бошқарувчи 7 йилга қамалди

Ўзбекистонда фаолият юритаётган банклардан бирининг Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги бошқарувчиси Алишер Каримов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир қатор жиноятларда айбланиб 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Ҳуқуқ” нашрининг ёзишича, банк мансабдори ўзи ташкил этган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиб ўнлаб фуқаролар томонидан омонат сифатида банкка топширилган 152 миллион 409 минг сўм маблағни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштириб юборган.

Бундан ташқари, мансабдор банк хазинасидаги 362 миллион 687 минг сўм ҳамда 63 минг 580 АҚШ долларини қопларга жойлаб, бемалол олиб чиқиб кетади.

Шунча қилмишлари камлик қилгандек, кейинчалик бошқарувчи ўзи тузиб олган жиноий гуруҳ билан тил бириктирган ҳолда, фуқаролар томонидан банкдан олинган кредит эвазига гаров тариқасида қўйилган автотранспорт воситаларини, гарчи банкдан олинган кредитлари қопланмаган бўлса-да, сохта маълумотлар асосида маълум ҳақ эвазига тақиқдан чиқариб юбораверган.

Алишер Каримов 3 йил муддатга раҳбарлик ёки моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг шерикларига ҳам тегишли жазо тайинланди. Шунингдек, фуқаровий даъвогарларга нисбатан етказилган зарар тўлиқ қопланадиган бўлди.

Мавзуга оид