Жамият | 22:53 / 04.02.2017
48051
6 дақиқада ўқилади

Тежамкор киши хасис, сахий эса исрофчи бўлмасин...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамларни, маърака ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги тарихий Фармони йил ўтган сари ўз аҳамиятини янада тўлароқ намоён этмоқда. Унда, жумладан, оилавий тантаналарни ўтказишдаги шуҳратпрастликка йўл қўйилаётгани рўйи-рост баён этилган бўлиб, Фармондаги фикрлар халқимиз орзу-умидининг ифодаси эди.

Топилган маблағни исроф этмаслик аёллар зиммасида эканлигини баён этувчи бир ривоятни келтириб ўтсак:

Аввалги замонларда яшаган оила раҳбари бўлган эр минг машаққат билан тоғдан ўтин териб келар экан, хотини ўтинларни бир зумда қўни-қўшниларга тарқатиб юборар экан. Эри хотинининг бу ҳунарига чидай олмабди. Бир сафар ўтин йиғиш учун хотинини ҳам олиб борибди. Бир амаллаб икки боғ ўтин тўплашибди. Ортмоқлаб қишлоққа келишибди. Аёл машаққатдан қаро терга ботибди.  Роса чарчабди. Ўтин териб келтириш қанчалик мушкул эканини шундагина англабди. Эртаси куни қўшнилар яна ўтин сўраб келишганда аёл: “Эй қўшнилар ўзим териб келган ўтиндан битта ҳам бера олмайман, ўтин керак бўлса мен каби ўзларинг териб келинглар”, - дебди.

Қиссадан ҳисса шуки, инсон молини ҳар доим бир манфаат йўлида сарфлашни ўз руҳида шакиллантириши лозим. Фойда келтирмаса, йўқолгандай ҳис қилиш ҳам юксак инсонийлик ҳисобланади. Баъзи кишилар рўзғорни жуда усталик билан бошқарадилар. Тежамкорлик уларнинг табиатига ҳуш ёқади. Бу олий табиат учун уйдаги аёл ҳам тежамкор бўлиши, исрофдан сақланиши, шунда оиланинг ривожига сабаб бўлади. Чунки ишлаб топиш эрнинг зиммасида бўлса, исроф қилмасдан сарф этиш хотиннинг зиммасидадир. Шу қоидадан келиб чиқиб, яхши уй бекаси бўлиш учун аёл киши қуйидагиларга диққат қилиши лозим бўлади:

- Сабзавот-меваларнинг айнишига йўл қўймаслик;
- Овқатларни истеъмолга яроқсизланиб қолишидан сақлаш;
- Овқатларни лаззатли қилишга ҳаракат қилиш.

Қотган нонларни ҳам истеъмол қилишни таъминлаш, ортганини чиқитга ташлаб юборишдан сақланиш, балки уни оилада пазандалик йўллари билан пишириб истеъмол қилишга одатлантириш аёл зиммасидаги бурчдир. Зеро Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз (с.а.в) “Нонни эҳтиром қилинглар”, - деб таълим бердилар.

Оилани кийинтиришда ҳам оила жамғармасига қараб, исрофга йўл қўймай кийинишни таъминлаш. Ҳозирги кунда кўпроқ янги чиққан урф (мода)нинг изидан қувишга ёшлар қизиқиши зиёдалиги сир эмас. Аслида, кийим совуқ-иссиқдан сақлаши, кибр, манманликдан узоқ бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бунга онанинг тарихий ҳикоясини келтиришимиз мумкин.

Адаб китобларида келтирилишича ақлда ва заковатда зарбулмасал бўлган Умома исмли аёл қизига оилани маблағ мағзини барпо қилувчи бир неча пурҳикмат сўзлардан намуна келтирсак:

Насиҳатларни бирида: “Қаноатли бўл, чунки қаноат қалбга ҳузур бағишлайди”, дейилади.

Она бу билан ўз қизига очкўзлик, манманлик, кибру ҳавони тўсувчи сўз билан оила бой бўлганда ҳам, камчилик бўлганда ҳам қаноат билан сарф қилишни ўргатмоқда. Эр бой бўлса, бор нарсани исроф қилмасликка қаноат қилишликни айтаётган бўлса, йўқчиликда борига қаноат қилишликни тавсия қилмоқда. Чунки қаноат – инсон муҳтож нарсаларнинг етарли миқдорига рози бўлиши, очкўзлик қилмаслиги, қаноат – нафақат эру хотинга, балки барчага баробар тааллуқли гўзал ахлоқли қоида эканлиги ҳамма замонда эътироф этилган.

Ҳадиси шарифда айтиладики: “Нафснинг кўзи тўймайди. Бир челак олтини бор киши, оҳ, яна шундай бир челак олтиним бўлсайди дейди”.

Қаноатнинг иккинчи шарти эса, қўлдаги неъматларни режали сарфлаш, исрофдан қаттиқ тийилишликни талаб қилади. Ҳаётда тадбирли кимсалар фарзандларининг тасарруфи учун бошқаларга қарам бўлмайди, бировлар учун хушомадгўйлик қилмайди, ёлғон гапирмайди, хирс ва тамаъ балосига дучор бўлмайди. Шунинг учун ҳам тежамкор бўлишга интилиш керак. Бу ҳақда ҳадиси шарифда: “Тежамкор бўлган киши фақир бўлмайди”, дейилган.

Халқимиз ибораси билан айтадиган бўлсак, агар кўрпага қараб оёқ узатилмаса, керакли-кераксиз нарсаларга пул сарфланаверса, исроф ва харажат эшиги катталашиб бораверади. Исрофгарчилик бор ерда ҳеч қачон бойлик бўлмайди. 

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а): “Бир неча кунга етиши мумкин бўлган озуқани бир кунда сарфлаган оила аҳлидан нафратланаман”, деган эканлар.

Ҳукамолардан бирининг айтишича:

“Пулингга ачин, уни исроф қилма, зеро қўзнинг қуввати қорачиқ билан бўлганидай, инсоннинг ҳаётий қуввати маблағ биландир”, деб тежамкор бўлишни гўзал шаклда тавсия қилган экан.

Фақат шуни ҳам қўшимча қилишимиз керак-ки, тежамкор бўлман деб керагича еб-ичишдан қисилиб, маблағ тўплаш йўлига кириб кетиш мақсадга мувофиқ эмас, бу хасислик дейилади. Хасисликка эмас, балки мўьтадил бўлишликка чақириб, ўз нафсини бахилликдан сақловчи кишиларни нажот топувчилар, деб номлаган. Демак ояти карима мазмуни оилани исрофсиз сарф қилишликка, оилани насибасини қирқмасликка чақирмоқда.

Оилада топилган маблағни исрофсиз тадбир билан сарфлашлик ҳақида тобеъинлардан Хасан Басрий:

“Гўзал тадбир ва гўзал идора ярим фойдадир. Ўз ўрнига ишлатилган озгина пул, исроф қилиб ишлатилган кўп пулга қараганда фойдалидир”, деган эканлар.

Дунёда машҳур ҳаким Афлотун:

“Пулни тадбир билан исроф қилмасдан харжлаш ақллиликнинг бошидир”, деб маблағни исрофсиз сарф қилишга тарғиб қилган экан.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили