Спорт | 17:48 / 02.03.2017
17663
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон волейбол федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун, 2 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияни қўмита Бош котиби Ойбек Қосимов олиб борди. Унда 2013-2016 йиллар давомида олиб борилган ишлар бўйича федерация раҳбариятининг ҳисоботи тингланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берган

Хабарда сўнгги йилларда мамлакатда волейбол спорт турини ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, захира спортчиларни тайёрлаб бориш, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш, туман-шаҳар ва вилоят мусобақаларини ўтказишга эътибор камайганлиги яққол кўзга ташланиб қолгани таъкидланади. 

Федерациянинг аваалги раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда волейбол спорт турини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмагани, федерациянинг 10та ҳудудий бўлимларида фаолият талаб даражасида йўлга қўйилмагани, спорт мусобақалари тизимли равишда, яъни туман, вилоят босқичлари деярли ўтказилмагани ва энг муҳими оммавийликка эътибор қаратилмаганлиги сабабли селекция ва саралаш ишлари яхши ташкил этилмагани қайд этилган. 

"Шу боисдан ҳам федерация раҳбариятида ўзгариш қилиш, ишни қайтадан, самарали ташкил этиш, спортнинг ушбу турини ёшлар орасида оммавийлашувига эътибор қаратиш ва шу орқали терма жамоаларга муносиб номзодларни саралаб олиш, бир сўз билан айтганда федерация ишини тубдан ислоҳ қилиш бугунги кун талаби эди", дейилган хабарда. 

Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилган ва Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси лавозимига “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Эргаш Рахматуллаевич Шоисматов, унинг биринчи ўринборсари лавозимига “Дори-дармон” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Абдурахмонович Комилов бир овоздан сайланган. 

Шунингдек, Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари этиб Шерзод Маҳмудович Хушвақтов, федерация Бош котиби этиб эса Санжар Абдуалиевич Абдуллаев сайланишган. 

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва Миллий олимпия қўмитаси раиси Алишер Султановлар сўзга чиқиб волейбол федерациясининг янги раҳбарияти олдида турган устувор вазифаларга алоҳида урғу бериб ўтишди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда мазкур спорт тури самарадорлигини оширишга қаратилган алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудий федерациялар фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ишини жонлантириш, Олимпия захиралари коллежларида волейбол бўлимларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига таклиф киритиш, волейбол спорт турини оммавийлигини ошириш мақсадида туман, шаҳар ва вилоят босқичлари мусобақаларини ташкил этиб, мавжуд спорт базалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, Халқаро волейбол федерацияси билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва мамлакат волейбол федерацияси вакилларини Осиё ва Халқаро волейбол федерацияси раҳбарияти таркибига киритиш чораларини кўриш федерация олдида турган асосий вазифалар сифатида белгиланди.

Мавзуга оид