Туркманистон табиий газига харидор қидирмоқда
Туркманистоннинг Хитойга қўшимча табиий газ етказиб бериш йўли билан мустақиллик йилларидаги энг кучли иқтисодий инқирозга барҳам бериш борасидаги орзулари ушалмай қоладиган кўринади. Гап шундаки, шу кунларда Туркманистондан ХХРга табиий газ етказиб бериш бўйича тўртинчи газ қувурини қурмасликка қарор қилинди. Oilprice.com сайтида шу ҳақда таҳлилий мақола чоп этилди.
Тахминларга кўра, D қувури орқали Хитойга ҳар йили 30 млрд куб метр газ етказиб берилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунда, Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга чўзилган учта газ (A, B, C) қувурида маҳсулот етказиб берилмоқда.
2016 йил охирида Хитой тўртинчи газ қувурига қизиқишини йўқотган. Бироқ, расман янги газ қувури қурилишини Пекин эмас, балки Ўзбекистон ёпди. 2017 йил 2 март куни РИА Новости агентлиги хабар қилганидек, China National Petroleum Corporation ва “Ўзбекнефтегаз” D газ қувури қурилишини номаълум муддатга қолдирди.
Бу лойиҳанинг бекор қилиниши 25 йилда энг кучли иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган Туркманистон учун оғир зарба бўлди. Республика иқтисодиётининг газ экспортига ўта боғлиқлиги ушбу ҳолатни изоҳлайди. Инқирознинг кучайишига Россиянинг туркман газини харид қилишдан воз кечгани ҳамда Эроннинг шу йил бошидан шартнома бандлари бўйича келиша олмагани сабаб газ олишни тўхтатгани сабаб бўлди.
Хитой Туркманистонга минг куб газ учун 185 доллардан тўлайди, Ашхободнинг ўтган йили Хитойга 30 млрд куб метр газ сотгани инобатга олинса, яхшигина даромад кўрилгандек кўринади. Бироқ, вазиятни Хитойдан олинган улкан газ кредитлари бузмоқда. Табиий газнинг бир қисми газ конларини ўзлаштириш учун олинган кредитлар эвазига етказиб берилмоқда.
Албатта, мамлакат раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов улкан газ лойиҳалари ҳақида, уларнинг мамлакатни янада бойитиши ҳақида кўп гапиради. Масалан, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (TAPI) газ қувури шулар жумласидан. Бу лойиҳа амалга ошгудек бўлса, Ашхобод йилига 33 млрд куб метр газни мижозларига етказиб бериши мумкин. Туркманистон раҳбарияти ўз ҳудудидаги газ қувурларини қуришни бошлагани ҳақида маълум қилган бўлса, Покистон ҳам шу ойнинг бошидан қурилишга старт берди. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Туркманистондан Покистонга борувчи газ қувурининг 700 километри Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида аёвсиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан ўтиши керак.
Президент Бердимуҳаммедов 2019 йилдан TAPI қувури бўйлаб газ етказиб берилишини айтаётган бўлса, Исломобод 2017 йил январида бу тахминни рад этиб, газ қувури камида бир йил кечроқ фойдаланишга топширилишини маълум қилди.
Туркманистон газини сотиш билан боғлиқ яна бир мега лойиҳа – Транскаспий газ қувури ҳақида ҳеч ким эсламай ҳам қўйди. У 30 млрд куб метр Туркманистонда қазиб олинган газни Европага етказиши лозим эди.
Oil Price, шунингдек, Ашхободнинг яна бир муҳим харидорини йўқотганини тахмин қилмоқда. Қиш тугади, Теҳрон бу йил туркман газисиз қишни ўтказди. Шунга кўра, келаси қиш мавсумини ҳам Эрон қўшнисидан газ харид қилмасдан ўтказиши эҳтимолдан холи эмас.
Шундай экан, ҳозирда, Туркманистон йилига 35 млрд куб метр газ (бир қисми кредитни ёпиш эвазига) етказиб бериш орқали ягона харидор Хитой билан қолмоқда. Яқин истиқболда йирик газ лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кўзга ташланмаяпти.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
13:35 / 08.10.2024