Ўзбекистон | 10:27 / 03.04.2017
30121
6 дақиқада ўқилади

Мулоҳаза: хорижга ишчи юборишдан кимга фойда-ю, кимга зарар?

Сўнгги кунларда, айтиш мумкинки, Ўзбекистонда жиддий муҳокама қилинган воқелик – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш бўйича Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан боғлиқ машмашалар бўлди. Аниқроқ айтадаган бўлсак, бу машмашаларга, Кореяда ишлаш учун ўзбекистонликларни махсус қабул жараёнидан ўтказишда жиддий ва қўпол хатоликларга, таъбир жоиз бўлса, халқ истагини менсимаслик кайфиятидаги ёндашувлар сабаб бўлди.

Бугунги кунда, Корея республикасида ишлашни хоҳлаган ўзбекистонлик талабгордан ҳужжат топшириш вақтида 18-39 ёш оралиғидаги судланмаган эркак ёки аёл бўлиши, корейс тилидан бошланғич сабоққа эга бўлиши талаб этилади. У, белгиланган имтиҳонлардан ўтгач, Корея бандликка кўмак бериш агентлиги электрон базасига киритилади ҳамда икки йил мобайнида Кореядаги бирорта завод ёки фабрика унинг номзодини танлаб, унга виза жараёни бошланишини кутади. 

Шу ўринда, шу йилнинг 27-31 март кунлари Кореяда қонуний тартибда ишлаш истагида бўлганларнинг ҳужжатларини қабул қилиш борасида Миграция агентлигида ишнинг қандай ташкил этилгани, сайтнинг техник имкониятлари талабга умуман мос келмаслиги, ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида даъвогарларнинг истаклари, уларнинг фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан ҳурматсизларча ёндашиш кўзга ташланганини қўя турайлик. 

Аслида, Агентлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва бунга номзодларнинг ҳуқуқларини хорижий мамлакатларда асосий ҳимоя қилувчи бўлиши керак, наздимизда. Аммо, бу бизнинг мулоҳазамиз мавзуси эмас. Буларни тегишли идоралар жиддий ўрганишига умид қилиб қоламиз. 

Бизнинг мақсадимиз, бошқа бир масалага ойдинлик киритиш. Хўш, ўзбекистонликларнинг Кореяга (Россия, Польша каби бошқа давлатларга ҳам) қонуний асосда ишга бориши кимга фойда-ю, кимга зарар? Бу биринчи навбатда, ўзимизга, Ўзбекистонга фойда. Энди ушбу хулосани бирмунча батафсилроқ кўриб чиқсак. 

Биринчидан, хорижга оиласини, яқинларини ташлаб, ишга борганларнинг аксарияти, Ўзбекистонга озми-кўпми хорижий валюта (доллар, рубль) кириб келишини таъминлайди. Ўтган 2016 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси маълумотларига асосан, Корея республикасининг ўзида 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишламоқда. Шу ерда, оддий арифметикадан фойдалансак, ҳар бир ишчи ойига ўртача 1000 АҚШ долларидан Ўзбекистонга юборса, бу ойига 15 млн долларни, бир йилда 180 млн долларни ташкил этишини билиб оламиз. Бу рақам ўртача пул жўнатмалари ортиши билан ўз-ўзидан ўсиб боради. 

Сир эмаски, биргина Россияга нисбатан санкциялар жорий қилиниши туфайли Россия меҳнат бозорида вужудга келган вазият Ўзбекистонга ушбу давлатдан кириб келаётган валюта оқими кескин пасайтирди. 2014 йилдан аввал, Россиянинг ўзидан Ўзбекистонга бир йилда бир неча миллиард доллар маблағ жўнатилган. 

Энди, ушбу маблағларнинг нимага сарфланаётганига ҳам эътибор бериш ўринлидир. Хорижга чиқиб, асосан, оғир меҳнат ва пешона тери билан пул топаётганларнинг аксарияти уй қуради, бунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларини харид қилади. Уйини турли жиҳозлар билан тўлдиради, бунда ҳам асосан, маҳаллий маҳсулотларни (мебель, маиший техника ва ҳ.) харид қилади. Чунки, хорижда ватан соғинчини бевосита бошидан кечирганларда ватанпарварлик ҳисси кучлироқ бўлади. Яна автомобиль харид қилса ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилганини сотиб олади. Айтмоқчи бўлганим, хорижда меҳнат қилаётганлар юборган пулларнинг асосий қисми яна четга чиқиб кетмайди. Аксинча, Ўзбекистон иқтисодиётига тўла равишда сингади. Ўзбекистон маҳсулотлари харид қилинади. Ўзбекистонда ишчи ўринлари барпо қилишга озми-кўпми ёрдам беради. 

Энг асосийси, хорижда турли завод-фабрикаларда малака оширган ўзбекистонликлар ватанга қайтгач, тажрибаларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. 

Бироқ, ҳозирча, бу амалий жиҳатдан йўлга қўйилмаган. Шу ўринда бир таклиф билдирсам. Аслида, айни ўша Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда хорижда ишлаб қайтганларни ташкилий равишда Ўзбекистондаги қўшма корхоналарга ишга жойлаштириш масаласини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Афсуски, бу масала ижобий ҳал этилиши бир ёқда турсин, ўрганиб ҳам чиқилмаган. Шу билан тайёр кадрлардан унумли фойдаланилмаяпти. Уларга, у ёки бу станокни қандай юритишни ўргатиш, меҳнат интизоми, хавфсизликка риоя этиш бўйича қайтадан дарс бериш талаб этилмайди. Миграция агентлиги хориждан қайтиб келганларни рўйхатдан ўтказиб бўлгач, уларнинг Ўзбекистонда иш топган ёки топмаганига қизиқиб ҳам кўрмайди. 

Агар, Корея ёки бошқа хорижий давлатда ишлаб келганларга бирор қўшма ёки маҳаллий ишлаб чиқариш корхонасида иш таклиф қилиш йўлга қўйилса, ўйлайманки, аксарияти бу таклифга рад жавобини бермаган бўлар эди. Бу борада Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўзлари ҳамкорлик қиладиган Корея бандликка кўмаклашиш агентлиги тажрибасидан фойдаланса фойдадан холи бўлмайди. Мазкур агентлик Кореяда барча ишчиларни ишга жойлаштиришни ташкилий равишда электрон тарзда мукаммал йўлга қўйган.

Нима ҳам дердик, бу ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ айрим фикрлар эди, холос. Яқин орада булар ҳам йўлга қўйилса, ажаб эмас. Яхши ният, ярим давлат, дейишади. 


Толиб Раҳматов

Мавзуга оид