Жамият | 17:16 / 13.04.2017
10902
11 дақиқада ўқилади

Бухороликларнинг ижтимоий хизмат ва аҳоли бандлиги юзасидан мурожаатлари қандай ҳал этилди?

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти аҳолиси томонидан Кун.uz’га келиб тушаётган кўп сонли мурожаат ва таклифлар асосида вилоят ҳокимлиги билан боғландик ва мазкур масалаларга улардан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Мазкур мурожаат ва таклифларнинг маълум бир қисмини ижтимоий хизматлар, бандлик ва шаҳар инфратузилмаси мавзулари ташкил этади. Шу сабаб саволларга турли идоралар вакиллари жавоб қайтаришди.

Таклифлардан бирида шундай дейилади: “Салом. Видео ва фото хизматларининг барчасини қонунийлаштириш вақти келди! Бизларнинг таклифимиз Бухоро шаҳридаги барча тўй ва маракалар ўтказиладиган ресторан ва кичик барларга рўйхат дафтари бўлиши шарт. Хонанда, тасвирчи, дизайн ва ҳоказо ходимларнинг гувоҳнома ёки лицензияси бўлмаса ушбу биноларга киритилмасин. Қайси видео -фото, хонанда ва дизайнерчи, дорбоз хизматчилари, бошловчи, қаерга ва қачон ишлагани маълум бўлади. Банк томонидан қўйилган режа пул тушумлари ҳам ўз вақтида тушади. Ушбу рўйхат дафтари солиқ органлари томонидан махсус муҳр ва ип билан тикилиши керак ва улар ҳудуд солиқ инспекторини ҳар доим назоратида бўлиши шарт”.

Мазкур масала юзасидан Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Игембегенов ўз фикрини қуйидагича билдирди: “2016 йил ва 2017 йил 1-чорагида “Тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш”, “Видео ва фотосуратга олиш” хизмат турлари бўйича вилоятда 127 нафар субъект рўйхатга олинган.

Тегишли лицензия ва гувоҳномасиз фаолият кўрсатаётган 32 нафар шахс маъмурий тартибда жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари ушбу соҳадаги хизматларни қонунийлаштириш мақсадида солиқ идоралари ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси билан ҳамкорликда рейдлар олиб борилмоқда”.

Яна бир мурожаатда: “Салом. Июль ойида ўқишни тугатиб, уйга қайтаман. Мен истиқомат қиладиган манзилда интернет тармоғига уланишнинг имкони топилмади. “Ўзтелеком, Телефон линиялари тармоғи, Мобил компаниялар, ҳар хил интернет провайдерларига бордим лекин улар менга ёрдам беришмади. Интернетга уланишнинг иложи йўқ, дейишди. Илтимос, менга бу масалани ечишда ёрдам беринг”, дейилади.

Мазкур мурожаатга Ўзбектелеком АК Бухоро филиали директори А.Шобоев қуйидаги тартибда жавоб қайтарган: “Шейхон маҳалласи 127-уйда яшовчи А.Атаевга хонадонини уй телефонига улаш учун бўш линиялар йўқлиги, қўшимча линиялар ўрнатиш 2018 йилнинг 3-чорагида режалаштирилганлиги тушунтирилди.

Унга интернетдан фойдаланиши учун  “Uzmobile” GSM хизмати тақдим этилди”.

Яна бир мурожаатда шундай ёзилган: “2008 йил ҳарбий омбор портлагандан сўнг Когон шаҳридаги “Саховат” деҳқон бозори бузилди. 2009 йилдан бозор қурилади, деган гап ҳалигача бор. Лекин қурилмаяпти. Бозор бузилганидан ҳозиргача ишсиз юрган тадбиркорлар бор. Ўктам Барноевга саволим - ўзи бозор қуриладими? Агар бозор қурилса тадбиркорлар ўз савдо дўконларини қандай олишади? Агар бозор қурилмаса тадбиркорларга товон пули тўланадими?”.

Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси вилоят бўлими бошлиғи в.в.б. Я.Каримов жавоб қайтарган. “Саховат” деҳқон бозори 2017-2020 йилларда замонавий янги лойиҳа асосида барпо этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарорининг 28-бандига асосан бозор ҳудудидан тадбиркорлик субъектларига ер ажратиб берилмайди, балки уларга дўкон ижарага берилади.

2008 йил техноген ҳодиса туфайли бузилган дўконлар рўйхатга олинган. Ижара таклифи, биринчи навбатда, собиқ дўкон эгаларига билдирилади”, дейилади жавобда.

Бухоро шаҳридан келган бир мурожаатда шундай ёзилган: “Салом. Мен тадбиркорман. Шаҳарни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу яхши. Аммо кўпдан кўп дарахтларни кесиб, ўрнига ёш ниҳоллар ўтказиляпти. Аммо бизнинг Бухоро табиатида ҳар қандай кўчатни униши қийин. Ахир янги кўчат унмасдан эскисини кесмаслик мақсадга мувофиқ эмасми?

Мазкур саволга Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси А.Ниёзов қуйидагича жавоб берган: “Бухоро шаҳридаги дарахт ва буталарни сақлаш вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси қатъий назоратида турибди.

Қуриб қолган, табиий зараркунандалар ва касалликлар таъсирида кучли зарарланиб бораётган дарахтларгина табиатни муҳофаза қилиш қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда кесилмоқда.

Ноқонуний ҳолда соғлом дарахтларни кесиш ҳолатлари юзасидан маъмурий чоралар қўлланилмоқда.

Бундай ҳолатлар олдини олиш юзасидан назорат рейдлари олиб борилмоқда”.

Худди шу шаҳардан келган таклифлардан бири қуйидаги мазмунга эга: “Салом. Мен Бухоро вилояти ҳокими томонидан олиб борилаётган тадбирлардан жуда хурсандман. Тўғри, айрим инсонлар ноқонуний қурилган уй ва биноларни бузилишидан хафа бўлиб, кўп сафсата гапларни гапириб юришади. Қонун хамма учун баробар, деган иборани билса ҳам билмасликка олишади. Ўктам ака, Сиздан илтимосим эски ёғ заводи ўрнига қурилган уч қаватли биноларни бузиб, Бухоронинг кўрки бўлмиш Бухоро сити қурилса. Бухоро вилояти архитектураси ходимларини ишдан бўшатсангиз! Олдинги Бухоро вилояти ҳокими, қурилиш бўйича ҳоким ўринбосари, шаҳар ҳокими ва архитектура раҳбарлари шаҳар ўртасида кўзга кўринган Бизнес маркази қуриш ўрнига уй жой қуришга нима ҳақлари бор? Самарқанд ёки Андижон шаҳарларидан ўрнак олса бўлмайдими? Ўктам ака, Сизга ишонамиз. Биз Самарқанд шаҳрини чиройли осмонўпар уй жой ва бинолар қурдириб, гўзал шаҳарга айлантирганизни биламиз. Илтимос, Бухоро шаҳрини ҳам гўзал шаҳарга айлантирсангиз.

Ушбу таклифга Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи З.Муҳиддинов томонидан қуйидагича фикр билдирилган: “Бухоро шаҳар ҳокимининг қарорига асосан, Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Бухоро қурилиш инжиниринг” ДУКга шаҳарнинг А.Ғиждувоний ва Ибн Сино кўчалари кесишмасидан (собиқ Бухоро ёғ экстракт заводи ҳудуди) намунавий ўрта қаватли кўп хонадонли турар жойлари, савдо мажмуаси, савдо маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда спорт мажмуаси бинолари батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чикиш учун 13,4га ер майдони ажратилган.

«Дилкушои Берун» мавзеси бош режаси ва лойиҳа ҳужжатлари шаҳар бош архитектори, Вилоят бош архитектори ва тегишли вилоят ҳамда шаҳар ташкилотлари билан келишилган”.

Мурожаатларнинг яна бири қуйидаги мазмунга эга: “Ассалому алайкум. Бухоро аҳолисининг 50 фоизини ёшлар ташкил этади. Россия шаҳарларида иш қидириб, иш топиб юришибди. Битта катта илтимос, Бухоро аҳолисига, айнан ёшларга иш йўқ, бизларга иш жойи керак. Ҳокимлар келиб кетиб, ҳеч бу муаммога эътибор беришмайди. Иш билан таъминлансин. Завод ва фабрикаларни ишга қўйиб беришсин”.

Мазкур масалага Бухоро вилояти меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Ф.Ходжаев қуйидагича жавоб йўллаган: “Айни пайтда Бухоро вилоятида Қандим газ комплекси ва бошқа йирик лойиҳалар, шунингдек, кичик бизнесни ривожлантириш орқали бўш иш ўринлари яратилмоқда.

2017 йил Бандлик дастурига асосан 58705 та иш ўрни яратилиши натижасида 31580 нафар ёшларимиз, шундан 24153 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси бандлиги таъминланади.

Бундан ташқари, www.ish.mehnat.uz сайти орқали бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар янгилаб борилмоқда”.

Айнан шу мавзу юзасидан бошқа бир мурожаатда шундай дейилади: Ассалому алайкум. Мен Олот тумани, Чандир ҚФЙ, Чагас қишлоғида яшайман. Ҳозирда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти 5 - босқич талабасиман. Уйланганман, яқинда бир ёшга тўладиган қизалоғим бор. Дадамлар мана 18 йилки 2-гуруҳ ногиронилар. Онамлар 11 йилдан буён ишсизлар, аввал оддий пудратчи (колхозчи) бўлиб ишлаганлар. Синглим коллежни тугатганига 4 йил бўляптики, ҳали ҳам ишсиз. Хотиним ҳам ишсиз. Мен Тошкентда ижарада яшийман. Бирор жойда ишлай десам ҳали талабасан, деб ишга олишмийди. Оиламни қандай боқаман, қаердан квартирага пул топаман? Оиламизга фақатгина дадамларнинг нафақа пуллари нима ҳам бўларди. Иш сўраб неча маротаба меҳнат биржага мурожаат қилган бўлсак ҳаммасини ёлғон иш ўрни бўлиб чиқяпти. Бирор соҳага пул тикиб таваккал қилишгаям пулимиз йўқ. Агар имкони бўлса бизларга иш топишимизга ёки бўлмаса моддий тарафдан ёрдам беришингизни сўрайман. Изоҳ дадам 700 минг пенсия оладилар биз Тошкентда 500 мингга ижарада турамиз қолган 200 мингга боламизни ва оиламни боқолмийман. У ёқда Олотдаги оила аъзоларим қандай кун кўришади? Моддий тарафдан ёрдам беришингизни сўрайман”.

Мазкур мурожаатга Бухоро вилояти меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Ф.Ходжаев батафсил жавоб қайтарган: “Илёс Бобомуродовнинг синглиси Ҳамрогул Бобомуродова айни пайтда “Бухоро нью текстил” МЧЖда оператор вазифасида ишлаб келмоқда.

Онаси Оқгул Сафаровага ҳам “Бухоро нью текстил” ва “Мергантекс” МЧЖларида йигирувчилик вазифаси таклиф этилди. Аммо О. Сафарова ушбу ишларни рад этди.

О. Сафаровага бўш иш ўринлари маълумоти ҳар ойда янгиланиши маълум қилиниб, агар ишлаш истаги бўлса Олот туман Бандликка кўўмаклашиш марказига мурожаат этиши мумкинлиги юзасидан тушунтириш берилди.

И. Бобомуродовнинг турмуш ўртоғи М.Ғайбуллаева Тошкентда истиқомат қилиши боис у билан учрашиш имкони бўлмади.

И.Бобомуродов Тошкент шаҳрида мунтазам яшаб келаётганлиги боис, унинг оиласига моддий ёрдам ажратиш имконияти мавжуд эмас.

Унинг отаси хонадони моддий аҳволи ўрганилганда ҳам отаси нафақа олиши, синглиси ишлаётгани, тасарруфида 2 бош қорамол, 28 сотих ер, жорий йилда сотиб олинган “Спарк” автомашинаси  бўлгани боис, мавжуд мезонга асосан кам таъминланган оила ҳисобланмайди.

Шу нуқтаи назардан ушбу оилага моддий ёрдам ажратиш имкони мавжуд эмас”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари раҳбарлардан шахсий жавобгарлик ва масъулиятни янада оширишни тақозо этмоқда. Шу билан бирга фуқаролар ҳам Ватанга дахлдорлик ҳисси билан яшаш зарурлигини англаб етишмоқда. Бу икки ҳақиқат шу даврнинг энг муҳим талабидир.

Мавзуга оид